Ўзбекистон президентининг фармони билан Эркинжон Оқбутаевич Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар қилди.

Эркинжон Турдимов 2018 йилдан 2024 йилгача Самарқанд вилояти ҳокими бўлган, 2008−2016 йиллар давомида Навоий вилоятини бошқарган. Ундан сўнг 2 йил Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган.

2018 йилда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинланган Турдимов 2024 йилда мамлакатда ўтган парламент сайловларидан сўнг Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида қайта тасдиқланганди.

55 ёшли Турдимов Самарқанд вилоятида таваллуд топган. 1991 йилдан 1995 йилгача «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг ҳудудий бўлимларида хизмат қилган.1996 йилгача Зарафшон ҳокими ўринбосари бўлди. 1996 йилдан 2000 йилгача Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий бўлимида ишлаб, Навоий вилояти Хатирчи туман ҳокимиятига бошчилик қилди. Ундан сўнг қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.

Сирдарё вилоятининг аввалги ҳокими 16 январь куни президент раислигидаги йиғилишда ишдан олинганди. У 2018 йилдан 2022 йилнинг майигача Фарғона вилояти Учкўприк тумани ҳокими, ўша йилнинг майидан ноябригача Навоий вилояти ҳокимининг ўринбосари бўлиб ишлаб келган.

Маҳмудалиев 2022 йилнинг ноябрида мазкур лавозимдаги Ғофиржон Мирзаевнинг ўрнини эгаллаганди.