Жанубий Кореяда туғилиш кўрсаткичи COVID-19 пандемияси туфайли кечиктирилган никоҳлар тикланганидан сўнг, 9 йил ичида биринчи марта 2024 йилда ўсиши кутилмоқда. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Мамлакат дунёдаги энг паст туғилиш кўрсаткичларидан бирини қайд этиб келаётганига қарамай, 2024 йилнинг январидан ноябригача бўлган даврда янги туғилган чақалоқлар сони бир йил олдингига нисбатан 3 фоизга ошди. Рақамларда келтирсак, бу оралиқда 220 094 нафар чақалоқ туғилди.
2023 йилда янги туғилганлар сони 7,7% га камайган, бу пасайиш кетма-кет саккизинчи йилга чўзилди ва йиллик туғилиш даражаси 0,72 ни ташкил этди, бу дунё бўйича энг паст кўрсаткичдир, деб таъкидлайди Reuters.
Агентликнинг ёзишича, мамлакатда никоҳ ва туғилиш ўртасида юқори корреляция мавжуд бўлиб, бир ёки икки йиллик танаффус кузатилади, чунки кўпинча никоҳ фарзанд кўришнинг зарурий шарти сифатида қаралади.
Ўтган йили ўтказилган ҳукумат сўровида жанубий кореяликларнинг 62,8 фоизи никоҳдан ташқари туғилишларга қарши эканини билдирган (гарчи бу ўн йил олдин кузатилган 77,5 фоиздан кам бўлса-да).
Жанубий Кореяда январь-ноябрь ойларида никоҳлар сони 13,5 фоизга ошиб, 199 903 тага етди. Бу кўрсаткич, агар декабрда ўзгариш бўлмаса, 1980 йилдан бери энг катта йиллик ўсишни кўрсатади.
Ўтган йили Жанубий Корея ёшларни оила қуришга ва фарзанд кўришга ундаш бўйича турли чора-тадбирларни амалга оширди, ҳозирда лавозимидан озод этилган президент Юн Сок Ёль «миллий демографик инқироз» эълон қилди ва туғилишнинг паст даражасига қарши курашишга бағишланган янги вазирликни ташкил этиш режасини тузди.
Чора-тадбирларнинг аксарияти солиқ имтиёзлари ва субсидиялар орқали молиявий қўллаб-қувватлашдан иборат эди, яъни 2024−2026 йиллар оралиғида турмуш қурган эр-хотинларнинг ҳар бири учун 500 000 вон (349,35 доллар) миқдорида бир марталик солиқ имтиёзи бор.
2024 йилдаги туғилишлар бўйича йиллик маълумотлар 26 февраль куни эълон қилиниши кутилмоқда.