Апрель ойида Самарқандда Европа Иттифоқи — Марказий Осиё саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар билан учрашув якунлари бўйича хабарида маълум қилди. Бу маълумотни «Газета.uz»га Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳам тасдиқлади.

Саида Мирзиёева ва Тойво Клаар саммитга икки томонлама тайёргарлик масалаларини муҳокама қилди.

«Жаноб Клаар аёлларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди», — деди президент ёрдамчиси ўз хабарида.

Унинг сўзларига кўра, элчи, шунингдек, «Ўзбекистон ўзининг бой тарихини асраб-авайлашини эътироф этиб, бу доимо ғурур ва миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини» таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, биринчи тўлиқ миқёсли ЕИ — МО саммити 2024 йилнинг баҳорида Самарқандда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ 2025 йилнинг биринчи ярмига кўчирилган.

ЕИнинг Марказий Осиё бўйича собиқ махсус вакили Терхи Ҳакала декабрь ойида «Газета.uz»га берган интервьюсида (рус тилида) саммитни кечиктиришга тўғри келганидан афсусда эканини билдирган. Унинг таъкидлашича, муаммо фақат Европа Иттифоқи учун ўтган йил янги ҳукумат шаклланиши туфайли мураккаб ўтгани билан боғлиқ бўлган.

«Биз президентингизга, ҳукуматингизга Европа Иттифоқи — Марказий Осиё тарихидаги илк саммитни ўтказишга таклифни қайтадан берганлари учун жуда миннатдормиз», — деган эди ўшанда Терҳи Ҳакала. Ушбу учрашув жуда муҳимлигини таъкидлаб, у томонлар йиллар давомида ривожлантирган юқори даражадаги мулоқотни мустаҳкамлашини қўшимча қилган.