Шавкат Мирзиёев 16 январь куни «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни қабул қилди.

Фармонга кўра, 2025−2027 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • маҳсулотлар экспортини 2025 йилда 4 миллиард долларга, 2026 йилда 5 миллиард долларга ва 2027 йилда 7 миллиард долларга етказиш;
  • АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр маҳсулотлар экспортини 500 миллион долларга етказиш;
  • илғор технологиялар ва замонавий дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий қилиш ҳамда халқаро брендларни жалб қилиш орқали жами экспортда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари улушини 70 фоизга етказиш;
  • ип-калавани чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш мақсадида 5 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилиш.

Тўқимачилик тармоғида қайта ишлашни чуқурлаштириш учун қулай молиявий шарт-шароитлар яратиш мақсадида белгиланган қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.

Маҳаллий маҳсулот ва брендларни халқаро маркетплейсларда тарғиб қилиш, жойлаштириш ва реклама қилиш бўйича «Made in Uzbekistan» дастури амалга оширилади.

«Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ ҳузурида факторинг ташкилоти ташкил этилади.