Сречко Катанец истеъфосидан сўнг Тимур Кападзе Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол ассоциацияси хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, 22 январь куни словениялик мутахассис футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийлигидан кетганди. Унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабабли Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан тузилган шартнома бекор қилинган.

Словениялик мураббий ўз мурожаатида ҳозирги ҳолатида вазифаларини тўлақонли, профессионал тарзда бажара олмаслигини афсус билан қайд этган. Доимий қўллаб-қувватлагани ва самарали ҳамкорлик учун ассоциацияга ўз миннатдорчилигини билдирган ва терма жамоага Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида омад тилаган.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг хабар беришича, ташкилот шундан сўнг миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун бир қатор номзодларни ўрганиб чиқди ва таҳлил қилди. Маҳаллий ва хорижлик тажрибали мутахассислар билан музокаралар ўтказди. Шу билан бирга, мураббийлар кенгаши томонидан тақдим этилган тавсиялар ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Жаҳон чемпионати саралашининг ҳал қилувчи ўйинларига оз вақт қолганини ҳисобга олиб, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган, узоқ йиллар давомида миллий терма жамоа сафида тўп сурган ҳамда бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият олиб борган, шунингдек, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан тарихий натижага эришган Тимур Кападзе номзоди илгари сурилди.

«Ҳозирги юзага келган ҳолатда ЎФА айнан Кападзенинг мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи, қолаверса доимо юқори мақсад сари интилиш каби жиҳатлари орқали муҳим учрашувларда ижобий натижа кўрсатишига ишонади», — дейилади хабарда.

Айни кунларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарда йиғин ўтказмоқда. Тимур Кападзе ушбу йиғинга қўшилиб, жамоа бошқарувини қўлга олади.