Тошкент шаҳри Бектемир туманида тадбиркорлик билан шуғулланган Озарбайжон фуқароларидан пул талаб қилган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди. Бу ҳақда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1983 йилда Озарбайжон давлатида туғилган шахс акаси билан бирга Бектемир туманида жойлашган бозорда цитрус меваларнинг савдоси билан шуғулланиб келган.
Ушбу шахс 10 январь куни Тезкор қидирув департаментига ариза билан мурожаат қилиб, таниши бўлган Россия Федерацияси фуқароси билан 2024 йилнинг ноябрь ойларида вақтинча яшаш уйида меҳмондорчилик қилаётган вақтида улар орасида тушунмовчилик келиб чиққанини маълум қилган.
Шундан сўнг жиноий гуруҳ вакили жабрланувчига ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганини баҳона қилиб, 2024 йил 15 декабрь куни ўзининг жиноий шериги, 1974 йилда Озарбайжонда туғилган, муқаддам бир неча марта судланган шахсни Тошкент шаҳрига чақиртирган.
Унинг ёрдамида жабрланувчига тазйиқ ўтказиб, шаънига айтилган гаплар учун жавоб бериши лозимлигини ва товламачилик йўли билан 5 минг доллар миқдоридаги пулларни талаб қилган. Шундан 1500 долларни 15 декабрь куни олиб кетган бўлсада, яна 3500 долларни талаб қилиб келган.
Тезкор-қидирув департаменти ходимлари томонидан 10 январь куни Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, гумонланувчилар товламачилик йўли билан талаб қилиб келаётган, 3500 долларни олаётган вақтида ушланди.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисм «в» банди (Бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди. 3 нафар шахс Жиноят процессуал кодекснинг 227-моддаси (Суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.