Тошкентда 6 ёшли бола иссиқ сув билан тўлдирилган канализация қудуғига тушиб кетиб ҳалок бўлгани хабар қилинганди. «Газета.uz» воқеа юзасидан ўқилган суд ҳукми билан танишди.
Ҳодиса Учтепа туманида 2024 йилнинг 9 июль куни кечқурун содир бўлган. Бола дўконга бориш учун уйидан чиқиб кетган ва ғойиб бўлган. Эрталаб унинг жасади темир цехи майдонидаги очиқ сув қувури ичидан топилган.
Судга оид тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, А.А.нинг ўлимига юқори нафас йўлларини суюқлик билан беркилиши, иссиқ суюқликдан I-II даражали 100 фоиз тана юзасининг термик куйиши аниқланган.
Ўша куни Kommunalchi Issiqlik Quvvatta’mir МЧЖнинг ташқи трубаларни таъмирлаш монтажчиси А.У. ер остидан ўтган иссиқлик трубалари жойлашган қувурда темир-бетон қопламаси олиб ташлаган ҳолда таъмирлаш ишларини амалга оширилган. Бироқ жараёни якунига етмаган ва қувур тўсиқ панжалар ўрнатилмай очиқ ҳолатда қолган.
Жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди ҳукми билан 32 ёшли айблануви А.У. Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисм «а» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) билан айбли деб топилди.
Унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 15 фоизи давлат даромадига ушлаб қолинган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.