Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 23-мактаб директори ўқитувчиларга ўқувчилар формаси учун пул йиғишга кўрсатма бераётгани акс этган видео тарқалди.
Мактабнинг Telegram гуруҳига юборилган видеохабарда у директор ўринбосарларига топшириқ бергани, эртадан 2 та синф ўқувчиларини форма (нимча) билан таъминлаш учун тикувчи келишини ҳамда бунинг учун ҳар бир ўқувчи ота-онасидан 70 минг сўм олиш кераклигини айтган.
«…Синф раҳбарлар, сизларга бугундан топшириқ. Бижи-бижи гап керакмас. Ўша 70 мингни ота-она 35 мингдан қилиб икки кунга овқатланишга беради, шуни эсингиздан чиқарманг. Чиройли қилиб тушунтирсангиз, улар сизга 70 минг эмас, кам таъминланганларингизни ҳам пулини 150 минг қилиб жўнатиб юборади. Энди маҳорат сизники, синф раҳбарлар. Агар бижинг-бижинг, вижинг-вижинг гап чиқадиган бўлса, мендан хафа бўлманг», — дейди у видеомурожаатида.
Директор сўзида давом этаркан, 10 февралгача ҳамма ўқувчилар ана шу нимчада бўлиши шартини қўяди. Ўқитувчилардан «ота-она билан келишиш уларнинг истеъдоди ва фантазиясига боғлиқлигини, агар бирорта гап чиқса, хафа бўлмасликларини» уқтиради.
«Бирортаси қолиб кетмаслиги керак. Агар ўша кийми бўлмаса, дарвозадан ташқарига чиқариб юбораман. Менга формасиз ўқувчи керак эмас», — дея таъкидлади директор.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганини ва мактаб директори Ф.Шуҳратова ҳақиқатдан шундай кўрсатма берганини билдирди.
Натижада унга нисбатан ўртача ойлик иш ҳақининг 25 фоизи (1 млн 406 минг сўм) миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланган.
Мактаб жамоасига келгусида ушбу ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича тушунтириш берилиб, мактаб синф раҳбарларидан тушунтириш хатлари олинган.
Бошқарма таълим ташкилотида мажбурий тартибда ўқувчиларни форма кийишига доир пул маблағларини йиғиш ва ташкил этиш қатъиян тақиқланишини эслатиб ўтди ва бу каби салбий ҳолатларини кескин қоралашини қайд этди.
2024 йилнинг август ойида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов 2024/2025 ўқув йилида мактабларда ўқувчилар учун мажбурий форма жорий этилмаслигини маълум қилганди. «Ҳозирга қадар ўқувчилар учун айни бир хил форма кийилсин, деган қаттиқ талаб қўйилмади. Демак, жорий йилда ҳам мактабларда мажбурий форма жорий этилмайди», — деганди у.