Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида «Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон қонуни муҳокама қилинди.
Қонун лойиҳаси 5 та боб ва 25 та моддадан иборат бўлиб, унда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича умумий қоидалар, ушбу соҳани тартибга солиш ҳамда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, истеъмолчиларнинг, хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, якуний қоидалар акс этган.
Ушбу қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, қонуннинг қўлланиш соҳаси аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.
Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар яъни «давлат захираси», «ижтимоий аҳамиятга эга асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари», «озиқ-овқат баланси», «озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захираси», «озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги», «озиқ-овқат хавфсизлиги», «хавфсиз озиқланиш» ҳамда «хомашё» тушунчаларига аниқ таъриф берилмоқда.
Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги асосий тамойиллар, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.
Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасини тартибга солиш мустаҳкамланиб, бунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда Вазирлар Маҳкамаси, ваколатли давлат органи, республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларига аниқлик киритилмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи этиб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги белгиланмоқда.
Ваколатли давлат органига:
- республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
- озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
- озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш;
- келгуси йил учун ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсига бўлган эҳтиёжнинг прогноз ҳажмларини ишлаб чиқиш, уларнинг бажарилиши юзасидан чора-тадбирлар кўриш, давлат захирасини ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини ташкил этиш механизмларини такомиллаштириш;
- келгуси йил учун озиқ-овқат балансини ишлаб чиқиш ва бошқа кўплаб вазифалар юклатилмоқда.
Шунингдек, қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ қилиб белгилаб қўйилмоқда.