Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланган Темур Кападзе жамоа ўқув машғулоти йиғинида иштирок этиш учун Қатарга етиб борди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон футбол ассоциацияси.
Жамоа айни дамда Доҳада машғулотларини давом эттираркан, Кападзе кутилмаган тайинлов ва олдинда турган режалари ҳақида кичик интервью берди.
«Биринчи навбатда, Сречко Катанецга соғлиқ тилаймиз. Ҳаммамиз унинг охиригача олиб боришини хоҳлардик, лекин қўлимизда эмас. Соғлиқ ҳар доим биринчи ўринда туради. Ўзимга келадиган бўлсак, биласиз, кеча раҳбарият тарафидан номзодим тасдиқланди. Терма жамоа бегона эмас, кўп йиллар давомида ҳимоя қилганмиз, ҳам мураббий, ҳам ёрдамчи мураббий бўлганмиз. Терма жамоа ҳар доим мен учун устувор бўлган ва шундай бўлиб қолади», — деди у.
«Биз худди аскардек, вазифа берилди ва уни бажаришимиз керак. Келдик, мана, биринчи кун. Мураббийлар штаби ва футболчилар билан гаплашдик. Ўйлайманки, ҳаммаси жойида бўлади. Йиғинни яхши ўтказамиз. Янги футболчилар ҳам бор, мавсумга яхши тайёргарлик кўрамиз. Олдинда март ойида муҳим иккита учрашув бор. Унга ҳам яхши тайёргарлик кўрамиз, чунки оз муддат қолди. Албатта, энг асосийси, ҳамма соғ-омон бўлсин, ўша йиғинга яхши формада келишсин», — дея қайд этди Темур Кападзе.
У сўзида давом этаркан, жаҳон чемпионатига чиқиш учун нима қилиш керак бўлса, барчасини қилишни, бунга футболчиларнинг қобилияти ҳам, кучи ҳам етишини айтди.
«Олдимизга қўйилган вазифа — жаҳон чемпионати. Охирги палладамиз, энг муҳим учрашувлар турибди. Албатта, бу ўзига яраша масъулият ва босим. Қийин пайтда олишга тўғри келди, чунки вақт йўқ эди. Лекин ҳаммаси жойида бўлади, деб ўйлайман. Нима керак бўлса, ҳаммасини қиламиз. Чунки бошқа йўли ҳам йўқ. Ўйлайманки, футболчиларнинг қобилияти ҳам, кучи ҳам — ҳаммаси етади. Мухлисларимизнинг дуоси ва қўллаб-қувватлаши ҳам катта роль ўйнайди, албатта. Биргаликда катта кучга айланмиз. Фақат биргаликда бунга эришишимиз мумкин. Ўйлайманки, биз керакли натижани қўлга киритамиз», — дея таъкидлади терма жамоа бош мураббийи.
Эслатиб ўтамиз, собиқ мураббий Сречко Катанец соғлиғидаги муаммолар сабаб вазифасидан озод этилганди. Унинг ўрига Ўзбекистон олимпия терма жамоаси мураббийи Темур Кападзе қўйилди. Бунда унинг «мураббийлик истеъдоди, масъулияти, жамоа аъзолари орасида мавқеи» инобатга олинди.
ЖЧ-2028 саралашининг 3-босқичи «А» гуруҳида 6 та ўйиндан сўнг Эрон 16 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон 13 очко билан иккинчи ўринда, БАА эса 10 очко билан учинчи ўринда. Қатар (7), Қирғизистон (3) ва КХДР (2) қолган ўринларни эгаллаб турибди. Саралаш якунланишигача Ўзбекистон жамоаси қуйидаги 4 та ўйинни ўтказиши керак:
- 20 март: Қирғизистонга қарши уйида;
- 25 март: Эронга қарши меҳмонда;
- 5 июнь: БААга қарши меҳмонда;
- 10 июнь: Қатарга қарши уйида.