2025 йил апрель ойида электр энергияси ва газ тарифларининг ошиши умумий инфляцияни 1,8−1,9 фоиз пунктга ошириши кутилмоқда. Бу ҳақда 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистон Марказий банки раиси Тимур Ишметов маълум қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.
Марказий банк инфляция 2024 йилдаги 9,8 фоиздан 2025 йилда 7−8 фоизгача пасайишини кутмоқда. Регулятор раҳбарининг сўзларига кўра, бу прогнозда апрель ойида яна кўтариладиган энергия нархларининг ошиши ҳисобга олинган. Хусусан, электр энергиясига (ойига 200 кВт/соат доирасида) базавий тариф 33,3 фоизга — 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун эса — 650 сўмдан 1000 сўмга (+53,8 фоиз) ошади.
«Инфляция прогнозида энергия ресурслари, коммунал тўловлар, бензин, пропан учун барча тарифлар, яъни давлат томонидан тартибга солинадиган нархлар ҳисобга олинган. Шундан келиб чиқиб, 7−8 фоизлик прогноз қилинган», — деди Тимур Ишметов.
Ўтган йилнинг октябрь ойи охирида Марказий банк оширилган тарифларнинг инфляцияга таъсирини 1,5−1,8 фоиз пункти даражасида баҳолаганди.
23 январь куни Марказий банк ўтган йилги энергия нархлари (газ ва электр энергияси нархи) ошишининг бирламчи таъсири тугаб бориши II чорак якунида умумий инфляцияга сезиларли пасайтирувчи таъсирга эга бўлишини маълум қилди.
2025 йилда нархларнинг навбатдаги ошиши муддати бир ойга фарқланиши ҳисобига апрель ойида умумий инфляция даражасининг вақтинча ошиши кутилмоқда.
Регулятор келгусида юқоридаги ўзгаришларнинг базавий инфляцияга иккиламчи таъсирлари даражаси пул-кредит шароитлари йўналишларини белгиловчи муҳим омил бўлишини қайд этди.
Ўзбекистон ҳукумати ўтган йилги ва бу йил кутилаётган тарифлар ошишига қарамай, газ ва электр энергияси нархларини субсидиялашни давом эттирмоқчи. 2025 йилда давлат бюджетидан газ, электр энергияси ва иссиқлик таъминоти учун 12,3 трлн сўм субсидия ажратилиши режалаштирилган. Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг сўзларига кўра, бу амалиётни фақатгина 2028 йилдан тўхтатиш режалаштирилган.