Тошкент вилоятида Қибрай туманинг Байтқўрғон шаҳарчасини Паркент тумани билан боғловчи электрлаштирилган темирйўл қурилиши бошланди. Бу ҳақда «Тошкент минтақавий темирйўл узели» компанияси матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, электрлаштирилган темирйўлнинг умумий узунлиги 23,8 километрдан иборат бўлади. Янги йўналишни лойиҳалаш ишлари «Боштранслойиҳа» АЖ, қурилиш ишлари эса темирйўлчи мутахассислар томонидан амалга оширилади.
«Бу нафақат маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари яратади, балки мамлакат туризм секторига ҳам катта фойда келтиради. Электрлаштирилган темир йўл қурилиши, албатта, бу жараённи янада осонлаштиради. Чунки транспорт алоқаларининг яхшиланиши саёҳатчиларни кўпроқ жалб қилишга ёрдам беради. Эндиликда Тошкент вилояти Паркент тумани ҳам сайёҳлик манзилига айланади», — дейилади компания хабарида.
Аввалроқ Тошкентдан Хўжакентгача бўлган электропоезд қатнови 1,5 км масофага — Чорвоқ шаҳарчасида яқинида жойлашган «Чиноркент» бекатигача узайтирилгани ҳақида хабар бергандик.