Марказий банк олтин-валюта захираларини диверсификация қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг давлат облигацияларини сотиб олишни давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 23 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида регулятор раиси ўринбосари Аброр Мирзо Олимов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Июнь ойида Марказий банк қиймати 35 млн долларлик хорижий мамлакатлар қимматли қоғозларини сотиб олди, 2024 йил охирида эса уларнинг захирадаги ҳажми 101 млн долларга етди. Регулятор асосан АҚШ ғазначилик облигацияларига сармоя киритган (treasuries).
«Ўтган йили олтин-валюта захираларини диверсификация қилиш мақсадида бошланган АҚШ қимматли қоғозларини сотиб олиш амалиёти жорий йилда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган», — деди Марказий банк раҳбари ўринбосари.
Аброр Мирзо Олимов Spot нашрига берган интервьюсида 2025 йилда қимматли қоғозларни харид қилиш ҳажми уларнинг нархи ва АҚШдаги фоиз ставкаларига боғлиқ бўлишини таъкидлади. Бугунги кунда Марказий банк икки турдаги давлат облигацияларига эгалик қилмоқда — аниқ белгиланган ва ўзгарувчан (сузиб юрувчи) ставкали.
Унинг сўзларига кўра, Марказий банкнинг АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олиш режаларига иқтисодий вазият ва АҚШ Федерал захира тизими (FRS) томонидан белгиланадиган фоиз ставкаси таъсир кўрсатади.
«Бироқ, биз бу йўналишдаги ишларни давом эттирамиз, чунки биз олтин-валюта захираларини диверсификация қилиш, уларнинг барчасини битта активда сақлаш эмас, балки бошқа активлар ўртасида қайта тақсимлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Биринчи босқичда таваккалчилик даражаси нолга яқин бўлган АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олишни режалаштирмоқдамиз», — дея унинг сўзларини келтирган нашр.
Олимов, шунингдек, регулятор ҳали криптовалюталарга сармоя киритишни режалаштирмаётганини айтди.
2024 йил якунига кўра Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 6,6 млрд долларга ошиб, 41,2 млрд долларга етди. Олтиннинг физик ҳажми йил давомида қарийб 12,4 тоннага ошди, бироқ валюта захиралари камайди.