Жиззах вилояти Дўстлик туманида 13 туп тут дарахти ноқонуний кесилгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Қайд этилишича, туманнинг Мевазор маҳаласидан ўтувчи «Саркисов» канали ёқасида 13 туп тут дарахти фуқаро томонидан кесиб кетилган. Оқибатда «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 4, 37, 49-моддалари талаблари бузилган.

Ҳуқуқбузарлик сабабли ўсимлик дунёсига 369 млн 375 минг сўм зарар етган. Мораторий даврида дарахтлар ва буталарга етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилади ва шунга асосланган ҳолда зарар миқдори 738 млн 750 минг сўм миқдорида белгиланди.

Маълумот учун, «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 93-сонли қарорига асосан айрим тут дарахти турлари, хусусан, кесилган тутлар қимматбаҳо дарахт турига киритилган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Дўстлик туман прокуратурасига юборилди.