Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан тунги иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. «Газета.uz» лойиҳа билан танишиб чиқди.

Концепция мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва туризмни ривожлантириш мақсадларида ишлаб чиқилган.

«Тунги иқтисодиёт Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим таркибий қисми бўлиб, у ялпи ички маҳсулот ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, сайёҳлик салоҳиятини юксалтириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга кўмаклашади», — дея таъкидланган концепциянинг кириш қисмида.

Тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун мавжуд тўсиқлар

Концепцияда қайд этилишича, тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун хизмат кўрсатиш, инфратузилмани ривожлантириш, жамоат транспорти ҳаракатини таъминлаш ва солиқ имтиёзларини жорий этиш йўналишларида бир қатор норматив-ҳуқуқий, техник ва ташкилий тўсиқлар мавжуд. Уларнинг асосийлари қуйидагилар:

Биринчидан, тунги вақтларда пойтахтда транспорт хизматига талаб юқори бўлиб, бу талаб асосан шахсий йўналишсиз такси хизматлари орқали қондирилмоқда. Бироқ, жамоат транспортининг тунги ҳаракатини ташкил этиш ҳалигача йўлга қўйилмаган.

Иккинчидан, бир нечта кўчалар 24/7 режимда гастрономик зоналарга айлантирилган бўлса-да, ёшлар ва туристлар учун қизиқарли, замонавий хизмат кўрсатиш объектлари ва маданий тадбирлар ташкил этиш имкониятлари чекланган.

Учинчидан, Ўзбекистон Меҳнат кодекси талабига кўра, тунги вақтда меҳнат қилувчи ходимларга иш ҳақи камида бир ярим баравар кўп миқдорда тўланади. Бу тадбиркорлик субъектлари учун молиявий юкни ошириб, уларнинг фаолиятида қийинчиликлар яратади.

Тўртинчидан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг амалдаги таҳририда тадбиркорларга тунги вақтда иш тартибини мустақил белгиловчи аниқ нормалар мавжуд эмас.

Бешинчидан, ташқи реклама иншоотлари (видеоэкранлар, электрон дисплейлар, медиафасадлар) учун электр энергияси қиймати стандарт ёритиш тарифларига нисбатан уч баравар юқори коэффициент билан ҳисобланади. Бу реклама объектлари соҳасида ишловчи субъектларнинг харажатларини сезиларли оширади.

Олтинчидан, алкоголли ичимликларни сотиш соатларини маҳаллий ҳокимият органлари белгилайди. Бу айрим ҳолларда тунги вақтда чакана савдо шохобчалари фаолиятини чеклашга олиб келиши мумкин.

Еттинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 майдаги ПҚ-5113-сон қарорига асосан йирик шаҳарларда, вилоятлар ва туман марказларининг савдо ва кўнгилочар кўчаларида барча тадбиркорлик субъектларига 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиши ҳуқуқи берилганлигига қарамай, унинг ташкил этиш механизмлари белгиланмаган.

Концепция мақсади

Концепциянинг асосий мақсади — тунги иқтисодий фаолликни ошириш орқали иқтисодий ўсишнинг янги драйверларини яратиш, аҳоли ва туристлар учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда янги иш ўринларини шакллантиришдир.

Бу мақсадга эришиш учун концепцияда қуйидаги асосий вазифаларга эътибор қаратилган:

Тунги вақтда фаолият юритадиган замонавий хизмат кўрсатиш объектларини ривожлантириш. Бу йўналиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • кафе, ресторанлар, савдо марказлари ва кичик савдо шохобчалари 24/7 режимида ишлашини йўлга қўйиш;
  • 24/7 режимда ишлайдиган гастрономик кўчалар, тунги бозорлар ва ярмаркалар, маданий ва кўнгилочар марказларни ташкил этиш;
  • тунги концертлар, фестиваллар, театр намойишлари ва спорт тадбирларини йўлга қўйиш;
  • халқаро медиа компаниялар билан ҳамкорликда халқаро концертларни ўтказиш ҳамда маданий тадбирларга жаҳон эстрадаси вакилларини таклиф қилиш;

Ҳуқуқий базани такомиллаштириш. Бу учун «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда:

  • тунги иқтисодий фаолликни тартибга солувчи нормаларни ишлаб чиқиш ҳамда алкоголли ичимликлар савдоси соатларига оид чекловларни;
  • тадбиркорларга тунги вақтда иш тартибини мустақил белгиловчи аниқ нормаларини қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш.

Шунингдек, тунги вақтда фаолият юритувчи объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тартибларини соддалаштириш ва ягона норматив ҳужжатга бирлаштириш кўзда тутилган.

Қулай ва жозибадор муҳит яратиш. Бу йўналиш қуйидаги чора-тадбирларни ўз ичига олади:

  • йўлларни ёритиш, транспортнинг узлуксиз ҳаракатини таъминлаш, пиёдалар учун қулай ва хавфсиз йўлаклар ташкил қилиш;
  • каршеринг ва велошеринг лойиҳаларини ишлаб чиқиш (автоматик ижарага бериш ва таъмирлаш нуқталари) ва пилот шаклида йўлга қўйиш;
  • шаҳарларнинг тунги кўринишини яхшилаш учун махсус ёритгичлар, безаклар ва жозибали дизайн элементларини жорий этиш;
  • тунги хизмат кўрсатиш объектлари яқинида автотураргоҳлар, хавфсизлик тизимлари ва гигиена шароитларини таъминлаш;
  • тунги хизмат кўрсатиш объектларида замонавий энергия тежамкор технологияларни қўллашга рағбатлантириш;
  • шаҳарлар марказида махсус тунги ҳудудларни ажратиш ва уларни инфратузилма билан таъминлаш;
  • тунги иқтисодиётга ихтисослашган ҳудудларда кўчма мобил клиникаларни жойлаштириш.

Меҳнатга ҳақ тўлаш ва тадбиркорлик харажатларини оптималлаштириш. Тунги вақтда фаолият олиб борадиган тадбиркорлик субъектларни қўллаб қувватлаш ва уларни янада ривожлантириш учун қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

  • тунги вақтда меҳнатга ҳақ тўлаш механизмларини қайта кўриб чиқиш ва тадбиркорлар учун молиявий енгилликлар яратиш;
  • тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзлари ва бошқа рағбатлантирувчи чора-тадбирларни жорий этиш.

Тунги иқтисодиёт улушини ошириш ва сармояларни жалб қилиш. Бу йўналиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • тунги иқтисодиётга қўшимча маблағ жалб қилиш учун маҳаллий тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва махсус имтиёзли кредит дастурлари орқали рағбатлантириш чораларини кўриш;
  • хорижий сармоядорлар учун инфратузилма яратиш ва уларнинг иштирокини қўллаб-қувватлаш учун махсус имтиёзлар тақдим этиш;
  • тунги вақтда фаолият кўрсатувчи тадбиркорлар учун махсус лицензиялар ва рухсатномалар бериш тартибини соддалаштириш.

Қўшимча даромад манбаларини яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш. Тунги иқтисодиётни ривожлантириш орқали қўшимча даромад манбаларини яратиш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

  • тунги иқтисодиётни фаоллаштириш орқали давлат ва маҳаллий бюджетларга қўшимча даромадларни жалб қилишга йўналтирилган чоралар кўриш;
  • тунги фаолият кўрсатувчи корхоналарнинг сонини ошириш орқали янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларини кўпайтириш.

Тунги жамоат транспорти тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш. Пойтахт ва бошқа йирик шаҳарларда тунги вақтда барқарор ва хавфсиз жамоат транспорти ҳаракатини йўлга қўйиш мақсадида, жамоат транспорти учун махсус йўналишлар ва қатнов жадвалларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун қуйидаги асосий йўналишларда комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш. Бу йўналишда қуйидаги чоралар амалга оширилади:

1. 24/7 режимидаги гастрономик ва туристик зоналарни ташкил қилиш:

  • Тошкент ва бошқа вилоят марказларидаги шаҳарларда 24/7 режимида фаолият юритувчи гастрономик ва туристик кўчалар ташкил этиш;
  • миллий ва халқаро таомлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва турли товарлар савдоси йўлга қўйиш.

2. Тунги овқатланиш ва чакана савдо хизматларини ривожлантириш:

  • кафе, ресторан ва чакана савдо шохобчаларининг 24/7 режимида фаолият юритишини таъминлаш ва қонуний тўсиқларга ўзгартириш киритиш;
  • тунги хизмат кўрсатувчи муассасалар учун солиқ ва лицензия имтиёзлари жорий этиш.

Маданий тадбирлар ва кўнгилочар зоналар. Ушбу зоналар орқали тунги иқтисодиётнинг жозибадорлигини ошириш бўйича қуйидагилар назарда тутилган:

1. Тунги бозорлар ва фестиваллар ташкил этиш:

  • савдо ва ҳунармандчилик ярмаркалари, миллий ва халқаро фестиваллар, мусиқа, рақс ва театр намойишлари ташкил қилиш;
  • туристларни жалб қилиш учун фильм фестиваллари ва санъат кўргазмаларини йўлга қўйиш.

2. Ёшлар ва туристлар учун кўнгилочар объектлар:

  • киберспорт клублари, спорт майдонлари ва фитнес марказларини тунги вақтда ҳам фаолият кўрсатишига шароит яратиш;
  • кўнгилочар зоналарда ҳар хил байрам тадбирларини ўтказиш;
  • халқаро медиа компаниялар билан ҳамкорликда доимий равишда халқаро концертлар ўтказиш ҳамда маданий тадбирларга нуфузли жаҳон эстрадаси вакилларини таклиф қилиш.

3. Маданий марказларнинг иш вақтини узайтириш:

  • тунда фаолият йўлга қуйилган ҳудудлардаги музейлар, галереялар ва маданий комплексларнинг иш вақтини 24/7 режимида ишлаш ҳуқуқини бериш.

Транспорт ва инфратузилма. Тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун замонавий транспорт ва инфратузилма муҳим аҳамиятга эга саналади. Бунда:

1. Тунги жамоат транспортини ташкил этиш:

  • автобуслар учун махсус тунги йўналишлар жорий қилиш;
  • чегирмали ва қулай транспорт хизматларини ташкил этиш.

2. Тунги инфратузилмани яхшилаш:

  • пиёдалар, велосипед ва скутер учун хавфсиз йўлаклар ташкил қилиш;
  • кўча ёритгичлари ва видео кузатув тизимлари ўрнатиш;
  • смарт технологиялар ёрдамида шаҳарларнинг тунги эстетикасини яхшилаш.

Электрон платформалар. Тунги иқтисодиёт инфратузилмасини мувофиқлаштириш учун замонавий технологиялардан фойдаланиш. Бунда:

1. «Тунги шаҳар» электрон платформаси:

  • тунги вақтда ишлайдиган хизматлар, маданий тадбирлар ва жамоат транспорти ҳақида маълумот берувчи мобил иловаларни ишлаб чиқиш;
  • туристлар учун QR-код орқали чипталар сотиб олиш ва маълумот олиш имкониятини яратиш.

2. Тун-у кун хизмат кўрсатиш кўчалари ва ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Бунинг учун қуйидаги чора-тадбирлар назарда тутилади:

  • соат 19:00 дан 8:00 га қадар вақт оралиғида ички ишлар органлари, Миллий гвардия саф бўлинмалари жамоат тартибини таъминлаш кучларининг камида 70 фоизини, шунингдек, «Тунги хавфсизлик» дастурларини ишлаб чиқиш орқали куну тун уч сменали патруль режимини ташкил этиш;
  • ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида ички ишлар органлари бўлинмалари, биринчи навбатда, жамоат тартибини таъминлаш кучларининг патруль гуруҳлари ҳодиса содир бўлган ёки сигнал берилган жойга максимал тезкорлик билан етиб боришини таъминлаш;
  • хавфсизлик даражасини ошириш мақсадида юқори аниқликка эга камералар ўрнатиш ва ташқи видеокузатув тизимларини марказлашган бошқарув тизимларига улаш.

Тунги иқтисодиётни ривожлантириш учун давлат ва хусусий секторнинг ҳамкорлигини кучайтириш, сармояларни жалб қилиш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қуйидаги чоралар назарда тутилади:

Солиқ имтиёзлари:

  • тунги вақтда фаолият юритувчи корхоналар учун табақалаштирилган солиқ ставкаларини жорий этиш;
  • гастрономик, кўнгилочар ва туризм соҳаларида ишлайдиган тадбиркорлик субъектлари учун тўланган солиқнинг бир қисмини қайтариб бериш (кешбек) механизмларини жорий қилиш;
  • кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларини рағбатлантириш учун солиқ маъмурчилигини соддалаштириш.

Имтиёзли кредит дастурлари:

  • савдо, хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар объектларини тунги иқтисодиёт доирасида ривожлантириш учун мақсадли кредитлар ажратиш;
  • қурилиш ва реконструкция ишлари учун мақсадли кредитлар тақдим қилиш;
  • маҳаллий банклар ва халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳамкорликда махсус кредит линияларини очиш.

Тунги иқтисодиёт фаолиятини мувофиқлаштирувчи «тунги координатор» лавозимини жорий этилади. Бунда:

  • тунги координатор лавозими туман ҳокими ўринбосари мақомида белгилаш, унинг доимий ишчи аппаратини ташкил этиш;
  • тунги координаторнинг вазифалари ва ваколатларига тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича стратегик режаларни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг манфаатларини мувофиқлаштириш, хавфсизлик, маданий тадбирларни ташкил қилиш ва инфратузилмани ривожлантиришни белгилаш кўзда тутилган.

Тунги координатор аппаратини шакллантирилади ва бўлимларга бўлинади. Бунда:

  • стратегик ривожланиш бўлими (инфратузилма лойиҳалари ва инвестицияларни жалб қилиш билан шуғулланади);
  • тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўлими (тунги иқтисодиёт иштирокчилари учун солиқ, кредит ва бошқа имтиёзларни амалга оширишга ёрдам беради);
  • хавфсизлик ва назорат бўлими (тунги иқтисодиёт зоналарида хавфсизликни таъминлаш ва қонунбузарликларни олдини олиш чораларини кўради).

Ҳудудий мувофиқлаштирувчи органлар билан ҳамкорлик амалга оширилади. Бунда:

  • тунги координатор ҳудуддаги барча ижтимоий-иқтисодий фаолиятлар учун туман ҳокими билан мувофиқликда иш юритади;
  • тунги координатор администрацияси тадбиркорлар, маданият соҳаси ва фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳамкорлик механизмларини жорий этади.

Ҳисобот ва натижалар мониторинги:

  • тунги координатор томонидан ҳар чоракда ҳудудий иқтисодий ривожланиш, яратилган иш ўринлари ва жами даромадлар бўйича ҳисобот тайёрланади;
  • режалаштирилган ва амалга оширилган лойиҳалар бўйича самарадорлик кўрсаткичлари мониторинг қилинади.

Ҳорижий ҳамкорлик доирасида халқаро молиявий институтлар ва донорлар билан ҳамкорликда тунги иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган грант ва кредитларни жалб қилинади.