Президент Шавкат Мирзиёев 23 январь куни ипотека дастури бўйича бўлиб ўтган йиғилишда бундан буён кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда айтилишича, охирги уч йилда жисмоний шахслар кўп қаватли уй қуриш учун аукциондан 47 гектар ер сотиб олган, лекин аксариятида қурилиш бошланмаган.

Президент кўп қаватли уй қуриш учун ерлар аукционда фақат ҚҚС тўловчи юридик шахсларга сотилиши қурилишга салоҳиятли девелоперларни жалб қилиш мақсадида амалга оширилаётганини айтди.

Шунингдек, давлат раҳбари ҳозирда 14 минг 775 та кўп қаватли уйларга туташ ер мулкдорга бириктирилмагани учун бошқарув-сервис компанияси хизмат кўрсатиши керак бўлган ҳудудлар чегараси аниқ эмаслиги айтилди. Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга бу уйларга туташ ерлар чегарасини белгилаш ва эгасига бириктириш топшириғини берди.

Бундан ташқари, йиғилишда девелоперлар уйни топширишдан олдин сервис компаниялари билан шартнома тузишини, уларни ўқитишни ташкил этишини, қурилиш харажатларининг 2 фоизини уй атрофида яшил ҳудуд яратишга йўналтиришини қонун билан мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.