Ўзбекистонда янги уй-жой оладиган фуқароларга ўзи тўлаган маблағининг бир қисмини кешбэк қилиб қайтариш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Бу бўйича президент Шавкат Мирзиёев 23 январь куни бўлиб ўтган ипотека дастури бўйича йиғилишда топшириқ берди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бу орқали уй-жой қурилиши соҳасида яширин иқтисодиётни янада қисқартириш мақсад қилинган.

Йиғилишда айтилишича, жорий йилда уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15,5 трлн сўм ресурс берилган. Банклар бунга қўшимча 10 трлн сўм йўналтиришни мақсад қилган. «Ипотека компанияси» ҳам бу мақсадларга 2,3 трлн сўм ресурс йўналтиради.

Президент, шунингдек, мутасаддиларга 2025 йилда камида 70 мингта хонадон учун ипотека кредити беришни топширди. Шундан 30 мингининг кредити бошланғич бадали учун бюджетдан субсидия тўланиб, даромади юқори бўлмаган оилаларга топширилади.