Улуғбек Одашевич Раҳимов Андижон вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.
Улуғбек Раҳимов бир пайтда вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи ҳам ҳисобланади. Тайинловга қадар у вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича котибияти мудири вазифасида фаолият олиб борган.
Ҳоким ўринбосари 1971 йили Пахтаобод туманида туғилган. Наманган саноат-технология институти ва президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида тахсил олган.
Хизмат фаолиятини 1994 йили Ёшлар иттифоқининг Пахтаобод тумани қўмитасида бошлаган. 2000 йилдан то шу кунга қадар қишлоқ хўжалиги соҳасининг турли йўналишларида хизмат қилиб келган.
Эслатиб ўтамиз, Раҳимов мазкур лавозимда 2023−2024 йилларда ишлаган Авазбек Эргашев ўрнини эгаллади. У декабр ойи охирида 58 ёшида вафот этганди.