Машҳур немис архитектори ва DOM Publishers компанияси раҳбари Филипп Мойзер 2025 йилда Тошкент архитектураси ва мозаикасига бағишланган учта китоб нашр этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.

Мойзернинг сўзларига кўра, 2023 йилда немис тилида нашр этилган ака-ука Жарскийлар ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб шу йилнинг ёзида инглиз ва рус тилларида нашр этилади.

«Мени нега ака-ука Жарскийлар мозаикаларининг бирортаси ҳали ҳам ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилмагани ажаблантиради. Ҳукумат ҳозир бошқа биноларни киритиш учун ариза берди, лекин бу гўзал мозаикага эга турар жой бинолари рўйхатга қўшилмади. Бу мен учун ҳайратланарли, чунки менинг тадқиқотларимга кўра, турар жой биноларидаги мозаиканинг бундай концентрацияси глобал миқёсда ноёб ҳисобланади», — деди ношир.

Фото: Евгений Скляревский / Facebook.Фото: Евгений Скляревский / Facebook.

Ака-ука Жарскийлар Тошкентда 200 дан ортиқ фасадларни лойиҳалаштирган, шунингдек, Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ва собиқ СССР республикаларида: Молдова, Грузия, Россия ва Тожикистонда ишлаган.

Филипп Мойзер Ўзбекистонда архитектура ва туризмга қизиқишни ривожлантириш учун бундай китоблар муҳимлигини таъкидлайди.

«Самарқанд, Бухоро ва Хивани кўпчилик билади, аммо Тошкентнинг меъморий хусусиятларидан кам одам хабардор. Совет модернизми ва Жарский мозаикалари сайёҳлар учун янги диққатга сазовор жой бўлиши мумкин», — деб ҳисоблайди у.

«Тошкент мозаикалари» лойиҳасининг илмий раҳбари Фотима Абдураҳмонова муаллифлигида алоҳида қўлланма ишлаб чиқилмоқда. Китоб тўлиқ пойтахт мозаикасига бағишланган бўлиб, унда нафақат ака-ука Жарскийлар, балки шаҳарнинг ўзига хос қиёфасини яратишга ҳисса қўшган бошқа рассомларнинг ҳам асарлари киритилади.

DOM Publishers, шунингдек, Тошкентга архитектура қўлланмасининг янги нашрини тайёрламоқда. Бу учинчиси бўлади. 13 январь куни Гёте институтида бўлиб ўтган Тошкент бўйича қўлланманинг иккинчи нашри тақдимоти юзасидан плагиат ва муаллифлик ҳуқуқини бузиш айбловлари пайдо бўлди. Ҳозирда нашриёт веб-сайтида китоб савдоси тўхтатилган, кўтарилган муаммолар бўйича далиллар тўплаш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Филипп Мойзернинг таъкидлашича, агар плагиат тасдиқланса, кўр-кўрона кўчирилган матнлар қўлланманинг учинчи версиясига киритилмайди.

«Биз китоб олти ой олдин нашр этилгани учун янгилаш имкониятидан фойдаланишга ҳам қарор қилдик. Ёзгача бир йил ўтади, Тошкентни ободонлаштириш давом этмоқда. Биз қўлланмадан баъзи объектларни чиқариб ташлаймиз ва янгиларини қўшамиз, яъни учинчи нашри бошқача бўлади, лекин мазмуннинг катта қисми ўзгаришсиз қолади», — дея хулоса қилди ношир.