Олий Мажлис Сенати «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни қайта кўриб чиқди. Қонунчилик палатаси бу ҳужжатни 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилган.
Ҳужжат Сенатда биринчи марта 2024 йил 16 август куни кўриб чиқди. Ўша мажлисда Сенат қонунни такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясига қайтарган эди.
Қонун билан Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланмоқда.
Қайд этилишича, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2021 йилда 40 542 та, 2022 йилда 47 365 та ва 2023 йилда 41 866 та, 2024 йилда 31 436 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.
Фақатгина 2024 йилда қарийб 8 минг нафар ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқарганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлиги аниқланган.
Маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш оқибатида 2020−2024 йилларда қарийб 600 га яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида ушбу даврда 322 нафар фуқаро ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, Жиноят кодексига:
- Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик;
- транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик;
- сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефт газида ёки дизел ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган «агрессив бошқариш», «дрифт», «шахмат» шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, президентга имзолаш учун юборилди.