Шавкат Мирзиёев 23 январь куни Европа кенгашининг янги президенти Антониу Кошта билан илк марта телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Суҳбат чоғида икки томонлама ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон президенти Антониу Коштани Европа кенгаши раҳбари лавозимига сайлангани билан табриклади.

«Кейинги йилларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик юксак даражага кўтарилгани ва барча устувор йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди», — дейилади хабарда.

2024 йилда Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард евродан ошди, Европа компаниялари билан лойиҳалар портфели эса 30 миллиард еврога етди.

Ўтган йили ўта муҳим минерал ресурслар соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзоланди. Транспорт ва рақамли ўзаро боғлиқлик, «яшил» иқтисодиёт, маданият ва бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Томонлар 2022 йил 6 июлда парафирланган Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишига ишонч билдирди. Бу «муносабатларнинг бутун мажмуини ривожлантиришга жиддий туртки бўлиши» кутилмоқда.

Ўзбекистон раҳбари ва Европа кенгаши раҳбари халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Апрель ойида Самарқанд шаҳрида «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар «Газета.uz»га Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланишининг эҳтимолий муддатлари ҳақида фикр билдирган эди.

«Биз ҳужжатнинг имзоланиши яқин келажакда бўлиб ўтишига умид қиламиз. Ҳужжатнинг тўлиқ тугалланиши ва уни имзолашга тайёргарлик кўриш нуқтайи назаридан қайта ишланиши керак бўлган баъзи тафсилотлар ҳам бор. Аммо ишлар давом этмоқда ва у якунлангач, президент Шавкат Мирзиёев уни имзолаш учун Брюсселга ташриф буюришига умид қиламиз», — деганди дипломат 2024 йил ноябрида.