Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган фуқарога суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Sevimli телеканалининг Zamon дастурида хабар берилди.

Қайд этилишича, шаҳарнинг Нақшаб маҳалласида яшовчи фуқаро А.Н. давлат рўйхатидан ўтмасдан новвот ишлаб чиқариш билан шуғулланган. У 155 минг 232 метр куб газдан ўғринча фойдаланган ва бунинг оқибатида давлатга 232 млн 848 минг сўм зарар етказган.

Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳри судида ўтказилган мажлисда судланувчи ва унинг адвокати келтирилган далилларнинг асоссизлиги ва тўпланган ҳужжатларда рақамлар кўпайтириб ҳисобланганини билдирган.

Фуқаро, шунингдек, мазкур хонадонга яқинда кўчиб ўтгани, новвот ишлаб чиқариш билан доимий шуғулланмагани ва ноқонуний уланмадан хабари бўлмаганини таъкидлаган. Бироқ даъвогарлар келтирган далиллар унинг айбини тўлақонли исботлади, дейилади хабарда.

Суд ҳукмига кўра, А.Н. Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.