Ташқи меҳнат бозори эҳтиёжлари ва буюртмаларидан келиб чиқиб, 2025 йилда 40 минг ўзбекистонлик хорижий тилларга, 60 минг нафари эса касб-ҳунарга ўқитилади. Бу ҳақда 17 январь куни АОКАда Миграция агентлиги раҳбарияти билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусановнинг сўзларига кўра, Германиядаги иш берувчилар томонидан ҳамширалик бўйича тўхтовсиз талаблар келиб тушмоқда. Шу боис 2025 йилдан Ўзбекистондаги 14 та тиббиёт техникумида Германия стандартлари асосида ўқитиш йўлга қўйилади.
«Шуни инобатга олган ҳолда, президентимиз қарори билан, Ўзбекистондаги Абу Али ибн Сино номидаги 14 та тиббиёт техникуми агентликка бириктирилди, қурилиш соҳасидаги 13 та техникум ва уларнинг ўқув марказлари ҳам агентлик тасарруфига ўтказилди. 2025 йилдан 14 та тиббиёт техникумида Германия стандартлари асосида ўқитиш йўлга қўйилади, 3 йиллик таълимдан сўнг уларнинг битирувчиларига немис тили бўйича B2 сертификати, халқаро диплом берилади. Бу — тиббиёт йўналиши бўйича Германияда ишлаш истагидаги юртдошларимиз учун қулайлик. Бундан ташқари, Испания талабномаси бўйича пайвандлаш ўқув лабораторияси ташкил этилади ва қурилиш марказлари такомиллаштирилади. Уларда хорижий иш берувчилар билан бирга касб ва чет тилларга ўқитиш бўйича қўшма ўқув курслари кўпайтирилади», — деди агентлик масъули.
Фото: АОКА
Ҳусановнинг қайд этишича, Германиянинг Simson Private Akademie (металлга ишлов бериш), SHB West (автотеххизмат), Жанубий Кореянинг Hyundai (кемасозлик), Samsung (кемасозлик) каби йирик компаниялар билан ҳамкорликда талаб юқори бўлган касблар бўйича 13 та қўшма ўқув курслари, 27 та профессионал таълим муассасасида (14 та тиббиёт, 13 та қурилиш ва транспорт) янги ўқув курслари йўлга қўйилади.
«Мазкур компаниялар ўзи тан олган дастурларни жорий этади. Миграция агентлиги техник жиҳатдан ва ташкилий масалалар, яъни ўқув бинолари ва ётоқхоналар билан таъминлаш бўйича ёрдамга тайёр эканлигини билдирган», — дейди Азимжон Ҳусанов.
Таълим ва миграция масаласида Германия билан ҳамкорлик
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов 2024 йил 7 декабрь куни президент йиғилиши якунлари бўйича «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида Ўзбекистон ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларни муносиб ҳақ тўланадиган иш билан таъминлашда Германия тажрибасидан фойдаланиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Унга кўра, давлат раҳбари Германия тажрибасини ўрганиш ва шу асосда техникумларнинг йўналишларини қайта кўриб чиқиш, уларни дуал таълим тизимига (кадрлар тайёрлашнинг назарий қисми таълим ташкилоти негизида, амалий қисм эса иш жойида олиб бориладиган ўқув турига) ўтказиш вазифасини қўйганди.
2024 йил сентябрида Ўзбекистон ва Германия ўртасида Ўзбекистон фуқароларини немис компанияларида ишга жойлаштиришни соддалаштиришга қаратилган қатор шартномалар имзоланган эди. Бундан ташқари, Тошкентда ҳамширалар тайёрлаш бўйича Германия тиббиёт академиясини очиш ва Deutsche Bahn иштирокида транспорт ходимлари учун тренинглар ташкил этиш режалари эълон қилинган эди.
Германия канцлери Олаф Шольцнинг Самарқандга ташрифи доирасида 10 га яқин икки томонлама ҳужжатлар имзоланганди. Улар орасида миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳам бор эди. Бандлик вазирлигининг собиқ раҳбари Беҳзод Мусаев ушбу келишувни шарҳлар экан, 2024 йилда 800 нафар ўзбекистонлик ҳамшира Германияга юборилишини, улар камида 2200 евродан маош олишини таъкидлаганди.
Ўзбекистондаги коллежлар тақдири
Сентябрь охирида Ўзбекистондаги барча коллеж ва касб-ҳунар мактаблари техникумларга айлантирилиши, биноларнинг бир қисми мактаблар учун берилиши режалаштирилаётгани маълум бўлганди.
Техникумлар қисман академик мустақилликка эга бўлади ва пуллик хизматлар кўрсата олади. Улардан 14 тасида Британиянинг BTEC дастури жорий этилади.