Ўзбекистонда янги уйларни «яшил» энергияга ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 23 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

2025 йилда 120 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган. Янги Тошкент шаҳрининг «яшил» энергиядан фойдаланиладиган янги туманида қўшимча 15 минг хонадон қурилади.

Энергия барқарорлигини таъминлаш учун хусусий шериклик асосида 100 мегаватт/соат сиғимли электр сақлаш қуввати ўрнатилади.

Янги Тошкентдаги уйларни иситиш ва совутиш марказлашган «уч генерация» тизими орқали бўлади. Бунинг ҳисобига ёз мавсумида электр сарфи 4 карра қисқаради.

Барча бино-иншоотларга юқори энергия самарадорлик талаблари жорий қилинади. Транспорт, ёритиш тизимлари ва зарядлаш станциялари фақат «яшил» технологиялар асосида бўлади.

Президент ҳудудлардаги янги кўп қаватли уйларни босқичма-босқич «яшил» энергияга ўтказиш муҳимлигини таъкидлади.

Буни рағбатлантириш мақсадида қуриладиган уй-жойни энергия билан таъминлаш учун қуёш электр станциялари билан шартнома тузган девелоперларга бундай уйлар учун фойда солиғи олинмайди, кредит ставкаси 2 фоиз арзон қилиб берилади.

Натижада девелопернинг харажати камаяди, ундан уй олган одамларга эса электр арзонроқ бўлади.

Бундан ташқари, бундай «яшил уйлар» қурадиган девелоперларга халқаро линиялардан маблағ жалб қилиш имкониятлари кескин ошади, дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистонда 2025 йилда 135 минг хонадонли кўп қаватли уйларни марказлашган ҳолда иситиладиган, овқат пишириш эса электр плитаси орқали бўладиган қилиб қуриш режалаштирилган, дейилади ушбу президент йиғилишида. Депутат электр энергиясидан ягона иссиқлик манбаи сифатида фойдаланишни қўллаб-қувватлади.