Олий Мажлис Сенати «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонунни қайта кўриб чиқди. Қонунчилик палатаси бу ҳужжатни 2023 йил 28 ноябрь куни қабул қилган.

Ҳужжат Сенатда биринчи марта 2024 йил 16 август куни кўриб чиқди. Ўша мажлисда Сенат қонунни такомиллаштириш ва якунлаш учун Сенат ва Қонунчилик палатасининг келишув комиссиясига қайтарган эди.

Муҳокама қилинаётган қонун билан жарима баллари ҳисобланган йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун маъмурий жазо қўллаш каби ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Шундай бўлсада қонундаги айрим нормалар бугунги кундаги мавжуд реал воқелик ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмаганлиги қайд этилганди.

Қонуннинг дастлабки вариантида жарима баллари учун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосининг минимал муддатлари (энг пастки чегараси) белгиланмагани, бу эса суд амалиётини турлича шаклланишига замин яратиши, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 15 кундан кам бўлмаслиги керак деб белгилангани, бироқ, йил давомида камида 12 та жиддий қоидабузарлик қилган ҳайдовчига ўн беш кун транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини берилиши қонундан кўзланган мақсадга эришишга тўсқинлик қилиши мумкинлиги айтилганди.

Шу боис 55-ялпи мажлисда сенаторлар томонидан қонунни қайта ишлаш ва ушбу масала бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш ва маромига етказиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Комиссия томонидан сенаторларнинг эътирозларига сабаб бўлган қисмларга ўзгартириш киритилди.

Йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошганлиги учун маъмурий жазо қўлланилганда ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланди. Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги киритилаётган 341-моддасига тегишли таъсир чораларини қўллашга аниқлик киритувчи, шунингдек, ушбу кодекснинг 28-моддасида ҳам тегишли ҳаволани назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали БозоровЙўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров

Сенаторлар қонунни муҳокама қилиш вақтида қонун ишлаб чиқувчиларга саволлар беришди. Хусусан, сенатор Хусан Эрматов светафор остидаги 1.1 чизиқларини босганлик учун ҳам жарима баллари ҳисобланишига қизиқди.

«Биз қоидабузарлик деб айтаётган ҳолатлар ҳайдовчиларга мутлақо боғлиқ бўлмаган вазиятда ҳам юзага келишини ҳам ҳисобга олиш керак. Айниқса, ёғингарчилик мавсумида йўлдаги чизиқлар кўринмайди. Чизиқ чизилган жойларда чуқурлар бўлган ҳолатларда ҳайдовчилар уни четлаб ўтишга мажбур бўлади. Бундай вазиятда ҳайдовчи жаримадан кўра, чуқурга тушиш қимматроққа тушишни яхши тушунади. Шунингдек, чорраҳаларда бир машина чекка чизиққа туриб олади, бошқалар эса уни айланиб ўтишга ва чизиқни босишга мажбур бўлади. Ана шундай ҳолатда жарима балларини қўллаш қанчалик тўғри?», — дея савол берди сенатор.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров саволга жавоб берди:

«Бу масалада кўплаб мурожаатлар келиб тушяпти. Мурожаатлар масъул ходимлар томонидан кўриб чиқилади (декабрдан бошлаб мурожаатларни онлайн жўнатиш мумкин). Агар ҳолатлар ўз тасдиғини топганда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддасига асосан кўриб чиқишдан тўхтатилади ва 321-моддага асосида [жарима белгиланиши тўғрисидаги] қарор бекор қилинади. 2022 йилда янги таҳрирда қабул қилинган Йўл ҳаракати қоидаларида етарлича кўринмаслик тушунчаси киритилди. Унда ёмғир, қор ёғиши, туман тушиши ва шунга ўхшаш ҳолатлар инобатга олинди. Юқорида қайд этилган ҳолатларда ҳам бундай шароитлар инобатга олинади… Бундай ҳолатларда жарима белгиланмайди, жарима баллари ҳисобланмайди».

Сенатор Анвар Тўйчиев бир машинани ишончнома асосида бир неча киши ҳайдаса қоидабузарлик содир этилганда жарима баллари ҳайдовчига ҳисобланадими ёки машина эгасигами, дея савол йўллади.

Эрали Бозоров муҳокамадаги қонунда бу масалага тўхталиб ўтилганини маълум қилди.

«Қонунга 117−1 моддасига қўшимча киритилмоқда, яъни транспорт воситасидан фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар асосида белгиланган тартибда фойдаланган шахслар жавобгарликка тортилади. Бунда фуқаровий-ҳуқуқий муносабатларига суғурта полисига киритилган яқин қариндошлари ҳам киради. Шуни инобатга олган ҳолда, траспорт воситасини бошқарган шахсга нисбатан жарима баллари тўпланади. Қонун маъқулланиб, кучга киргандан кейин механизмлар яна такомиллаштирилади», — деди Бозоров.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, президентга имзолаш учун юборилди.

Маълумот учун, 2018 йилнинг май ойида қабул қилинган Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича концепцияда ҳайдовчилар учун 12 баллик тизимни жорий этиш, бир йил давомида жарималари билан 12 балл йиғган шахсни ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши айтилган эди. Ҳужжат лойиҳасини эса 2019 йил бошида ишлаб чиқиш режалаштирилганди.

2022 йилнинг февралининг биринчи ҳафтасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Йўл ҳаракати қоидалари янгидан ишлаб чиқилиши ва ҳайдовчилар баҳоланиши ҳақида гапирганди. 2022 йил февраль ўрталарида эса ИИВ раҳбари ўринбосари қоидабузар ҳайдовчиларга балл бериш тизими нега 3 йил илгари жорий қилинмаганига изоҳ берганди. «У пайтда биз ҳали бунга тайёр бўлмагандирмиз, вақти энди келгандир. Мана энди буни яқин кунларда жорий қиламиз, бу ўзини самарасини беради», — деганди Бекмурод Абдуллаев.

Тизим 2022 йил 1 декабрда ишга тушиши керак эди. Бироқ, тизим ишга тушиши кечикди. 2022 йил декабрда ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда қоида бузган ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими қонунчилик масаласи эканини айтганди.