Шавкат Мирзиёев 3 январь куни «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, барча туман (шаҳар) сектор раҳбарларига, Миллий гвардия қўриқлаш хизмати бошлиқларига ва ички ишлар органлари бошлиқлари ўринбосарларига 2025 йилда криминоген вазият оғир маҳаллалар бириктирилади.
Шунингдек, вилоятлар марказлари ва криминоген вазият оғир туман (шаҳар)лар маҳаллаларида хизмат олиб борувчи ички ишлар органлари профилактика кичик инспектори лавозими киритилмоқда ва унинг зиммасига қуйидаги вазифалар юклатилмоқда:
- меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар, мактаб битирувчилари ҳамда талабалар билан ижтимоий профилактика чоралари доирасида манзилли ишларни амалга ошириш;
- маҳаллалар ҳудудида содир этиладиган айрим турдаги маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича баённомалар тузиш.
Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари таркибида қуйидаги тузилмалар ташкил этилмоқда:
- меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқаролар орасида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича манзилли ишларни ташкил этиш вазифасини амалга оширувчи миграцион профилактика бўлинмалари;
- маҳалла профилактика инспекторлари томонидан аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоққа олиш жазоси қўлланган шахсларни махсус қабулхоналарга олиб бориш вазифасини амалга оширувчи туманлараро маъмурий конвой гуруҳлари.
Енгил тан жароҳати, майда безорилик, оилавий (маиший) зўравонлик, гиёҳвандлик воситалари ва алоҳида тоифадаги кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний муомаласи билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар рўйхатдан ўтган вақтнинг ўзида ҳуқуқбузар (жабрланувчи)ларга нисбатан автоматик тарзда «E-ijtimoiy profilaktika» ахборот тизимида ижтимоий профилактика тадбирларини амалга ошириш бўйича хулоса шакллантирилади ва ижрога қаратилади.
Ҳужжат билан маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор йўл хариталари ҳамда 2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.
Синов тариқасида криминоген вазият оғир ҳудудлардаги профилактика бўлинмаларида маъмурий амалиёт гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади ва улар жиноят иши қўзғатишни рад этишга оид ҳужжатларни ўрганиб, таркибида маъмурий ҳуқуқбузарлик бўлган ҳолатлар юзасидан ҳужжатларни расмийлаштиради.
Маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари фаолияти йўлга қўйилади. Унга профилактика (катта, кичик) инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича, пробация, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва патруль-пост хизматлари инспекторлари ҳамда тезкор-қидирув хизмати ходими киритилади, Миллий гвардия қўриқлаш бўлинмаларининг нарядлари хизмат олиб бориши ташкил этилади.