Ўзбекистондан хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган муҳожирлар сони 1 миллион 340 минг нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда 17 январь куни АОКАда Миграция агентлиги раҳбарияти билан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Агентлик директори ўринбосари Азимжон Ҳусановнинг сўзларига кўра, 2024 йилда 36 давлатнинг 240 та йирик иш берувчи ташкилотлари билан музокаралар ўтказилган ва уларнинг 122 таси билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Айни вақтда, Миграция агентлиги билан ҳамкорлик келишувига эга, салоҳиятли иш берувчи ва рекрутинг агентликлари сони 384 тага етган.
«2024 йили хорижда ишлаш истагидаги номзодларни мақсадли тайёрлаш доирасида 62,3 минг фуқаро касблар ва хорижий тилларга ўқитилди. Польша, Хорватия, Бельгия, Словакия, Черногория, Болгария, Саудия Арабистони, Қатар мамлакатларига 10 минг фуқаро ишга жойлаштирилди», — деди у.
Фото: АОКА
Унинг қайд этишича, 2024 йили Миграция агентлиги ҳамда хусусий бандлик агентликлари томонидан 162 минг фуқаро хорижий давлатларга ишга юборилган. Қайд этишларича, бу 2023 йилги кўрсаткичдан тўрт баробар кўп.
«Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар сони 2024 йил бошида 1 миллион 900 минг киши эди. Ҳозир эса уларнинг сони 1 миллион 340 минг кишини ташкил этмоқда. Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида хориждан қайтган фуқаролар сони ошган», — деди Ҳусанов.
Агентлик бошқарма бошлиғи Азим Аҳматовнинг қўшимча қилишича, энг кўп ўзбекистонлик мигрантлар Россия (600 минг киши атрофида), Қозоғистон ва Туркияда меҳнат қилмоқда.
«Миграция жараёнлари тебранувчан. Шу сабабли меҳнат муҳожирларининг сони ҳам ўзгариб туради. Сўнгги таҳлилларга кўра, 1 миллион 340 минг фуқаронинг 20 фоизини аёллар ташкил этяпти. Бу кўрсаткич олдинги йилларда 29 фоиз атрофида бўларди», — деди агентлик вакили.
Фото: АОКА
Аҳматов хориждаги ўзбекистонлик мигрантлар сони қай тариқа ҳисоб-китоб қилиниши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, шундай деди:
«Ўзбекистон фуқароси мамлакат ҳудудидан чиқиб кетганидан кейин уч ой ўтиб, у ҳақдаги маълумотлар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг узоқ муддатли ахборот сақланувчи базасига тўғридан-тўғри келиб тушади. Умуман, халқаро тенденцияда миграцион кўрсаткичлар учта манба орқали ҳисобланади. Биринчиси, аҳолини рўйхатга олиш ва улар ўртасида сўровномалар ўтказиш орқали. Иккинчиси, маъмурий бошқарув базалари орқали. Учинчиси, чегара-ўтказиш пунктлари маълумотлари асосида. Шу маълумотларнинг барчаси умумлаштирилади ва якуний рақам келиб чиқади. Бизда ҳам худди ҳисоб-китоб шундай қилинади».
Аввалроқ, 2023 йили Бандлик вазирлиги раҳбарияти йилдан-йилга ўзбекистонлик мигрантларнинг мамлакатдан кетиши эмас, балки Ўзбекистонга қайтиши ҳолатлари кўпайиб бораётганини айтган эди.