Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра 37 миллион 543,2 минг кишига етди. Шу тариқа 2024 йилда аҳоли ўсиши 2 фоизни ёки 743,4 минг кишини ташкил этди. Бу маълумотлар Статистика агентлиги томонидан тақдим этилди.
Жами аҳолининг 18,9 миллиони (50,4 фоизи) эркаклар, 18,6 миллиони (49,6 фоизи) аёллардир. Шаҳар аҳолиси 19,1 миллион (51%), қишлоқ аҳолиси 18,4 миллион (49%) кишини ташкил этади.
Аҳоли зичлиги
Аҳоли зичлиги — ҳар квадрат километрга 83,6 нафар киши. Бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 кишига кўп (2024 йил 1 январь ҳолатига 1 кв. км.га 82 киши).
Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори зичлиги Тошкент шаҳрида 6948,1 нафар, Андижон вилоятида 804,9, Фарғона вилоятида 613,1 нафарни ташкил этди. Энг паст кўрсаткичлар Навоий вилоятида — 9,9 ва Қорақалпоғистонда — 12,2.
Туғилиш
2024 йилда 926,4 минг бола туғилди, бу ўтган йилга нисбатан 3,7 фоизга кам. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2017 йилдан бери илк бор туғилиш камаймоқда.
Туғилганлар улуши шаҳарларда 49,1% (454,5 минг чақалоқ), қишлоқ жойларда 50,9% (471,9 минг).
Ўтган йил давомида 479,5 минг (51,8 фоиз) ўғил бола, 446,9 минг (48,2 фоиз) қиз бола туғилди.
2024 йилда туғилганлар сони таҳлил қилинганда қуйидаги тақсимот қайд этилди: бир бола туғилиши 97,7 фоизни, иккита бола туғилиши 2,2 фоизни, уч ва ундан ортиқ бола туғилиши 0,1 фоизни ташкил этди.
Янги туғилган чақалоқларнинг оталари ёшга қараб қуйидаги нисбатда тақсимланди: 10,7% — 25 ёшгача, 82,5% — 25−39 ёш, 6,8% — 40 ёш ва ундан катта. Янги туғилган чақалоқларнинг 39,3 фоизида оналар ёши 25 ёшгача, 59,5 фоизида 25−39 ёш, 1,2 фоизида 40 ёш ва ундан катта бўлган.
Туғилишнинг энг катта улуши Самарқанд вилоятида (12 фоиз) кузатилди, Фарғона вилоятида — 11,1 фоиз, Қашқадарё вилоятида — 10,9 фоиз, Андижон вилоятида — 9,3 фоиз ва Сурхондарё вилоятида — 9,1 фоиз.
Туғилиш даражаси Сирдарё вилоятида (2,4 фоиз), Навоий вилоятида (2,8 фоиз), Жиззах вилоятида (4,2 фоиз), Қорақалпоғистонда (4,5 фоиз) ва Бухоро вилоятида (5 фоиз) нисбатан паст.
Ўлимлар
2024 йилда вафот этганларнинг умумий сони 174,4 минг кишини ташкил этди (2023 йилга нисбатан 0,9 фоизга кўп), шу жумладан, эркаклар — 96 минг (55,04 фоиз), аёллар — 78,4 минг (44,96 фоиз). Шаҳарларда 98,2 минг киши (56,3 фоиз), қишлоқ жойларда 76,2 минг киши (43,7 фоиз) вафот этди.
Ўлимнинг асосий сабаблари: 57,6% — қон айланиш тизими касалликлари, 9,4% — ўсимталар, 6,3% — нафас олиш тизими касалликлари, 5,8% — бахтсиз ҳодисалар, заҳарланиш ва шикастланишлар, 4,1% — овқат ҳазм қилиш тизими касалликлари, 1,1% — юқумли ва паразитар касалликлар, 15,7% — бошқа касалликлар.
Ўлим ҳолатларининг энг катта улуши Самарқанд вилоятида (10,8 фоиз) юз берди, Фарғона вилоятида — 10,3 фоиз, Андижон вилоятида — 10,2 фоиз, Тошкент шаҳрида — 9,6 фоиз, Тошкент вилоятида — 9,4 фоиз.
Сирдарё (2,6 фоиз), Навоий (2,8 фоиз), Жиззах (3,5 фоиз), Хоразм (5,2 фоиз) ва Бухоро (5,5 фоиз) вилоятларида ўлим улуши нисбатан кам.
Никоҳлар
2024 йилда рўйхатга олинган никоҳлар сони 271,8 мингтани ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 12 мингтага кам. Бу билан 2022 йилда бошланган никоҳни қайд этишдаги пасайиш тенденцияси давом этди. Эслатиб ўтамиз, пандемия сабабли карантин чекловлари киритилган 2020 йилда ҳам никоҳлар сони 25 мингтага кўп бўлган эди. 2024 йилда, шунингдек, охирги 10 йилдаги энг кам никоҳлар қайд этилди.
Янги оилалар умумий сонининг 50,3 фоизи (136,7 мингтаси) шаҳарларда, 49,7 фоизи (135,1 минг) қишлоқ жойларда ташкил этилган.
Никоҳда аёлларнинг ўртача ёши 22,3 ёш, эркакларнинг ўртача ёши 27,1 ёшни ташкил қилди. Рўйхатга олинган никоҳларнинг энг катта улуши 25 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келади — барча никоҳларнинг 81,9 фоизи.
Ажралишлар
Ажралишлар сони 45,1 мингтани ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 8,3 фоизга кам, аммо барибир 2021 йилгача бўлган йилликдан сезиларли даражада кўп.
Шаҳарларда 28 мингта (62 фоиз), қишлоқ жойларда 17,1 мингта (38 фоиз) ажралишлар қайд этилган. 2024 йилнинг январь-декабрь ойларида бир болали оилаларда ажралишлар сони 12906 тани, фарзандсиз никоҳларда 21726 тани, икки ва ундан ортиқ фарзандли оилаларда 10 503 тани ташкил этди.
Ажрашган эркакларнинг ўртача ёши 35,4 ёшни, аёлларники 32,1 ёшни ташкил этди. Ажралишларнинг энг катта улуши 35 ёшгача бўлган аёлларга тўғри келади, бу умумий кўрсаткичнинг 64,6 фоизини ташкил қилади.
Ажралишларнинг энг юқори фоизи Тошкент шаҳрида (13,1 фоиз), шунингдек, Фарғона ва Андижон вилоятларида (10,6 фоиз) қайд этилган. Ажралишлар сони Навоийда (2,8 фоиз), Сирдарёда (3,3 фоиз) ва Жиззахда (3,8 фоиз) нисбатан кам.
Иммиграция ва эмиграция
Ўзбекистонга келганларнинг умумий сони 241,8 минг кишини ташкил этди, улардан 103,4 минг нафарини эркаклар, 138,4 минг нафарини аёллар ташкил этди. Шаҳарларга келганлар сони 182,2 минг кишига, қишлоқ жойларга 59,6 минг кишига етди.
Ёш гуруҳлари бўйича келганларнинг 11,5 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдан пастлар, 80,7 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 7,8 фоизини меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ташкил этди.
Хориждан Ўзбекистонга доимий яшаш учун келганларнинг энг катта улушини Россия Федерацияси (36,5 фоиз) ва Қозоғистондан (24,2 фоиз) келганлар ташкил этади. Келганларнинг 10,8 фоизи Тожикистондан, 6,9 фоизи Қирғизистондан, 2,5 фоизи Туркманистондан, 19,1 фоизи бошқа давлатлардан ҳисобланади.
Иммигрантларнинг энг катта улуши — 38,1 фоизи — Тошкент шаҳрига, 13,4 фоизи — Тошкент вилоятига, 5,5 фоизи — Фарғона вилоятига, 5,5 фоизи — Самарқанд вилоятга ва 5,1 фоизи — Навоий вилоятига келган.
Чиқиб кетганлар сони 250,4 минг кишини ташкил этди, жумладан, 107,5 минг эркак, 142,9 минг аёл. Шаҳардан кетганлар 173,6 минг кишини, қишлоқдан кетганлар 76,8 минг кишини ташкил этди.
Ёш гуруҳлари бўйича чиқиб кетганларнинг 12 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшга тўлмаган, 80 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 8 фоизи эса меҳнатга лаёқатли ёшдан катталардир.
Ўзбекистондан доимий яшаш учун кетаётганларнинг асосий улуши Қозоғистонга бормоқда (81,1 фоиз). Ундан кейинги ўринларда Россия (14,8 фоиз), Жанубий Корея (0,9 фоиз), Қирғизистон (0,7 фоиз), Туркманистон (0,4 фоиз), бошқа давлатлар (2,1 фоиз).