Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси ҳузурида Радиация ва ядро хавфсизлиги илмий-техник маркази ташкил этилади. Ҳукумат 21 январь куни унинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолади.
Унга кўра, давлат муассасаси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида давлат сиёсатини юритиш ва тартибга солиш бўйича илмий тадқиқотлар ҳамда илмий-техник ишлар асосида таклифлар (тавсиялар) ишлаб чиқиш белгиланди.
Бундан ташқари, у атом энергиясидан фойдаланиш объектларининг ва (ёки) атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятнинг хавфсизлигини асослашга доир экспертиза ўтказади. Атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида радиация ва ядро хавфсизлиги бўйича норматив базани ривожлантиради ва такомиллаштиради.
Радиация ва ядро хавфсизлиги масалалари бўйича давлат дастурлари, халқаро лойиҳалар ҳамда дастурларни ишлаб чиқишда, шунингдек, назорат ва лицензиялаш фаолиятини техник, таҳлилий ҳамда экспериментал қўллаб-қувватлашда иштирок этиш билан ҳам янги марказ шуғулланади.
Шунингдек, ташкилот радиация ва ядро хавфсизлиги соҳасида илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда илмий асосланган хавфсизлик, моделлаштириш ва ҳисоблаш таҳлилини ўтказиш, радиация ва ядро хавфсизлигини тартибга солиш соҳасида маълумотлар базаларини ишлаб чиқиш, яратиш, шакллантириш ва сақлаш, ўз ваколати доирасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ишларини ҳам олиб боради.