Ўзбекистонда уй-жойлар реновацияси дастурига кўра, 2025 йилда 20 минг хонадон қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда 23 январь куни Шавкат Мирзиёев билан учрашувда сўз борди.
Уй-жой қуришда асосий эътиборни эскирган уйлар ўрнида реновация асосида замонавий кўп қаватли уйларни кўпайтиришга қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бунда ердан фойдаланиш самарадорлиги 4−5 карра ошади, коммуникация харажати 2 карра камаяди, дейилади тадбирда.
Президентнинг таъкидлашича, реновация нафақат инфратузилмани яхшилаш, балки аҳоли турмуш сифатини тубдан ўзгартириш имконини ҳам беради. Янгиланган ҳудудларда янги иш ўринлари пайдо бўлади, савдо хизматлари кўпаяди, бу эса иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Бу борадаги ишлар Жиззах, Марғилон, Қўқон, Шаҳрисабз, Қарши шаҳарлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг Дўстлик тумани ва туманларида ҳам муваффақиятли бошлангани таъкидланди. Уларнинг тажрибасини барча ҳудудларда оммалаштириш зарурлиги таъкидланди. Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабарига кўра, эскирган ва авария ҳолатидаги уйларда яшаётганлар дастур ижросини кутмоқда.
Президент жорий йилда реновация асосида 20 минг хонадон қурилишини ташкил этиш зарурлигини айтди.
Октябрь ойида Тошкент ҳокимлиги 50 гектардан ортиқ майдон реновацияси бўйича тендерлар эълон қилган эди. Пойтахтда ўтказилган халқаро архитектура конгрессида бундай лойиҳаларни амалга ошириш тамойиллари, юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинган.
Аввалроқ сиёсий партиялар тегишли қонун қабул қилинмагунча реновацияга шошилмасликка чақирган эди.