Қорақалпоғистоннинг Қораўзак туманида энергия ресурсларини ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шоҳобчаси аниқланди, деб хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қораўзак тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Унда Q.M. МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар кўлга олинган.

Маълум бўлишича, улар ўзаро тил бириктириб, МЧЖнинг автомобилларга газ тўлдириш компрессор шоҳобчасига ўрнатилган электрон газ ҳисоблагич ускунасига ташқи таъсир кўрсатган. Жами 1,1 миллион куб метр табиий газдан қонунга хилоф равишда фойдаланиш оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2,8 миллиард сўм зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.