2024 йилда Ўзбекистонда 9364 та йўл-транспорт ҳодисаси расман қайд этилди, деб хабар берилди жума кунги Олий Мажлис Сенати йиғилишида (трансляция).

Бу 2023 йилга (9839 та авария) нисбатан 475 кишига ёки 4,8 фоизга кам деганидир. 2022 йилда бахтсиз ҳодисалар сони 9902 тани, 2021 йилда 10001 тани ташкил этган.

Аварияларда жабрланганлар сони ўтган йили 9209 нафардан 8901 нафарга (3,3 фоизга кам) камайган. ЙТҲ оқибатида вафот этганлар ҳам 2203 кишига (79 кишига ёки 3,5 фоизга) камайди.

2024 йилда жабрланган ва ҳалок бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларга аниқлик киритилмаган. 2023 йилда болалар иштирокида 1794 та ЙТҲ содир бўлган. Уларда 1568 нафар бола жароҳатланган ва 263 нафар бола ҳалок бўлган. 2022 йил бўйича тўлиқ маълумотлар эълон қилинмаган, аммо ўша йилнинг 10 ойида 226 нафар бола вафот этган.

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурxонов статистик маълумотларни эълон қилиб, ушбу ЙТҲларнинг асосий сабабларини фуқароларнинг қонунчиликда белгиланган жавобгарликни менсимаслиги, шунингдек, йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги деб атади.

У йўл-транспорт ҳодисалари сонининг кўпайишига таъсир қилувчи омиллар қаторида амалдаги қонунчиликда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо муқаррарлигини таъминлайдиган таъсирчан механизмларнинг мавжуд эмаслигини ҳам санаб ўтди.