Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 59-сонли мактабнинг икки ўқувчисида сил касаллиги аниқланди. Бу ҳақда ССВ ахборот хизмати хабар берди.
Аниқланишича, мактабнинг 11-синф ўқувчиси 2024 йилнинг 26 декабрида Тошкент шаҳар 3-сон фтизиатрия диспансерига мурожаат қилган.
Беморнинг опасининг сўзларига кўра, синглиси сўнгги ойларда тез-тез бетоб бўлган. Даволаниш учун фақат хусусий клиникага мурожаат қилган. Охирги марта ЛОР-шифокор кўригидан кейин 3-сон фтизиатрия диспансерига юборилган.
Диспансерда ўтказилган рентгенография текшируви натижасида унга «Ўнг ўпка юқори бўлаги яллиғланган сили, емирилиш даври, БК +» ташхиси қўйилган ва бемор дарҳол Тошкент шаҳар болалар сил касалликлари шифохонасига ётқизилган.
Қиз билан уйда мулоқотда бўлган 6 киши (2 нафари 6 ёшгача болалар) 2024 йил 27 декабрда 3-сон фтизиатрия диспансерида рентген текширувидан ўтказилган ва уларда фаол сил касаллиги аниқланмаган.
Шунингдек, қиз билан мулоқотда бўлган ва касаллик юқтириш хавфи мавжуд 59-сонли умумтаълим мактаби ва бемор қўшимча дарсга қатнаган хусусий ўқув мактаби ўқувчилари ва ўқитувчилари Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси назорати остида 3-сон фтизиатрия диспансерида рентгенография ва диаскин тест текширувларидан ўтказилган.
Текширувлар давомида 1 нафар ўқувчи (2008 йилда туғилган, бемор қизнинг яқин дугонаси)да «Ўнг ўпка юқори бўлаги ўчоқли сили» БК абс аниқланиб, у шифохонага ётқизилган.
Шунингдек, 3 нафар ўқувчи ва 1 нафар ўқитувчида касалликка мойиллик аниқлангани сабабли профилактик даво муолажалари бошланган.
Аниқланган камчиликларлар юзасидан Санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан 59-сонли умумтаълим мактаби директорига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Бугунги кунда 59-сонли умумтаълим мактабида давлат дастури асосида капитал реконструкция ишлари олиб борилаётгани сабабли ушбу таълим муассасасининг бошланғич синф ўқувчилари 115-умумтаълим мактабида, юқори синф ўқувчилари эса тумандаги 82-сонли умумтаълим мактабида ўқишни давом эттирмоқда.
ССВ хабарига кўра, 21 январда 82-сонли умумтаълим мактабида тегишли зарарсизлантириш ва димлаш тадбирлари такрорий олиб борилди. 2025 йил 22 январь куни эса ялпи тозалаш ва шамоллатиш тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, 115-сонли умумтаълим мактабида ҳам 23 январь куни тегишли зарарсизлантириш ва димлаш тадбирлари такрорий ташкил этилди.