Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан газ ва электр энергияси тарифлари оширилади — бу ҳукуматнинг 2024 йил апрелдаги қарори билан белгилаб қўйилган эди. 23 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ҳудудий электр тармоқлари» (ҲЭТ) компанияси раҳбарияти апрелда бўлажак электр тарифлари ошиши юзасидан изоҳ берди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.
«2024 йил апрелида Вазирлар Маҳкамасининг 204-сонли қарори чиққан. Унда 2024−2025 йиллар учун бир пайтнинг ўзида тарифларга тегишли ўзгартириш киритиш кўрсатилган. Тарифлар 2018 йилдан бери ошмаган эди. Лекин ёқилғи, нефть маҳсулотлари таннархи ҳар йили, бозор муносабатларига кўра, ошиб боради. Ўзбекистон ижтимоий республика бўлгани, ижтимоий [муҳофазага муҳтож] қатламга кўпроқ эътибор берилганлиги учун тарифлар анча вақт оширилмади», — деди ҲЭТ Маълумотларни қайта ишлаш ва дастурий тизимларни такомиллаштириш департаменти директори ўринбосари Диёр Нишонов.
У нарх ошиши сабабларини изоҳларкан, Ўзбекистонда «бугунги кунда амалга оширилаётган ишларни яна ҳам жадаллаштириш, яъни жойлардаги қувватларни ошириш, трансформатор пунктларини янгисига алмаштириш ёки борларининг қувватини ошириш тегишли маблағ талаб қилиши»ни таъкидлади. «Нархларни оширишга шу сабабли мажбур бўлиняпти», — деди Нишонов.
Аввалроқ, Олий Мажлис Сенатининг 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун муҳокамасига бағишланган мажлисида бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров икки қайта оширилганидан кейин ҳам тарифлар «харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражага чиқмаслиги»ни таъкидлаган эди. Вазирнинг қайд этишича, энергетика соҳасига ажратилаётган субсидиялар 2025−2026 йилларда ҳам давом этади, 2027 йилда кескин камайиб, 2028 йилдан эса тўхташи мумкин.
Апрелда тарифлар қанчалик ошади?
Аввалдан тасдиқланган режа бўйича, 2025 йил 1 апрелдан марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеъмолчилар учун тариф ойига:
- 200 кВт/соатгача бўлган ижтимоий норма доирасида 225 сўмдан 300 сўмгача ошади;
- 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 500 сўм;
- 1000 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 750 сўм;
- 5000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 875 сўм;
- 10 минг кВт/соатдан юқори истеъмол учун 1000 сўм этиб белгиланади.
Бошқа маиший истеъмолчилар учун 1 кВт/соат электр энергиясининг нархи ойига:
- 200 кВт/соатгача истеъмол қилинганда 450 сўмдан 600 сўмгача оширилади;
- 201 кВт/соатдан 1000 кВт/соатгача 1000 сўм;
- 1000 кВт/соатдан 5000 кВт/соатгача 1500 сўм;
- 5 000 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача 1 750 сўм,
- 10 минг кВт/соатдан ортиқ ортиқ истеъмол учун 2 000 сўм бўлади.
IV гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергияси нархи 900 сўмдан 1000 сўмгача оширилади.
Шу санадан бошлаб барча истеъмолчилар учун 1 кубометр газ нархи 1800 сўмгача, АГТШКлар учун 2500 сўмгача, иссиқлик электр станциялари учун 1800 сўмгача оширилади.
Ноябрдан февралгача давом этувчи иситиш мавсумида аҳолига етказиб бериладиган табиий газнинг бир кубометри нархи газ истеъмоли:
- 500 куб метргача бўлганда 650 сўмдан 1000 сўмгача ошади;
- 500 дан 2500 куб метргача бўлганда 1800 сўм;
- 2500 дан 5000 куб метргача 2100 сўм;
- 5 000 дан 10 000 куб метргача 2500 сўм;
- 10 минг куб метрдан юқори истеъмол учун эса 3 000 сўмдан бўлади.
2025 йил 1 апрелдан март-октябрь ойларидаги истеъмол учун тарифлар:
- 100 куб метргача газ истеъмол қилинганда 650 сўмдан 1000 сўмгача ошади;
- 101 кубометрдан 2500 кубометргача 1800 сўм;
- 2500 дан 5000 минг кубометргача 2100 сўм;
- 5000 дан 10000 куб метргача 2500 сўм;
- 10 минг куб метрдан юқори бўлганда 3000 сўм этиб белгиланади.
Аҳоли учун суюлтирилган газ тарифи 1 кг учун 2000 сўмгача оширилади.
Маълумот учун, 2025 йил апрелидаги электр ва газ тарифларининг оширилиши Ўзбекистондаги умумий инфляция даражасини 1,8−1,9 фоиз пунктга кўтариши кутиляпти.
Тарифлар либерализацияси. Таннарх шаклланишидаги мавҳумлик
Ўзбекистонда энергия тарифлари 2024 йил 1 май куни оширилган (ва ижтимоий норма жорий этилган) эди. Бунгача эса 2019 йил августидан бери тарифлар ўзгаришсиз қолаётган эди — кейинги беш йил давомида тарифларни ошириш бир неча марта қолдирилди. 2023 йил 1 октябрдан йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилганди.
2024 йил апрель ойидаги маълумотларга кўра, электр энергияси таннархи 1 кВт/соат учун 1000 сўмга яқин, газники эса — кубометри учун 2000 сўм атрофида. У корхоналарнинг операцион харажатларини, шу жумладан инвестиция лойиҳалари ва кредитларни қайтариш билан боғлиқ харажатларни ҳам ўз ичига олади. 2023 йил сентабрь ойида Энергетика вазирлиги 1 кВт/соат электр энергияси нархи 970 сўм (2022 йил майига нисбатан +21,2 фоиз), газнинг бир кубометри эса 1890 сўм (+35 фоиз) эканлигини маълум қилганди.
«Хавотир шундаки, бизнинг қилган ислоҳотимиз [биринчи босқичда тарифларни ошириш — таҳр.] битта қадам бўлиб, 2−3 йилдан кейин яна ўзининг [таъсирини] йўқотади. Нимага десангиз, ҳозир биз [нархларни] таннархга гўёки олиб келяпмиз, лекин 2−3 йилда ҳозирги, шаффофлик йўқ энергетика тизими билан таннархлар яна икки баробар ошиб кетмаслигига ким кафолат беради?» — деганди 2024 йил 1 июлда, ўша вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ҳисобланган Дониёр Ғаниев.
Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 4 ноябрда бўлган йиғилишда 2025 йил энергетика корхоналари учун тежамкорлик ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлаганди. Давлат раҳбари ҳар бир энергетика корхонасининг биринчи галдаги вазифаси таннархни камайтириш эканини қайд этиб ўтган эди.