Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида 23 ёшли аёл 37 ёшли эри томонидан қаттиқ калтакланиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда 16 январь куни калтаклашда эридан ташқари, унинг онаси ва жабрланувчининг овсини ҳам иштирок этгани айтилган видео пайдо бўлди. Ёш аёл комага тушиб қолган. Аввалига маҳаллий шифохонага, сўнг Чиноз тумани тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Жабрланувчи реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас олиш аппаратига уланган. Sevimli телеканалининг хабар беришича, шифокорлар вилоят маркази — Нурафшон шаҳридан таклиф этилган. Аммо аёлни қутқаришнинг иложи бўлмаган. У 24 январь куни вафот этган.
Эр ҳибсга олинган. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 126−1-моддаси 8-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга ҳаёт учун хавфли шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Эркак 10 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Телеканалнинг хабар беришича, эр-хотин бир ярим ой олдин ўғилли бўлган.