Олий Мажлис Сенатининг 24 январь куни бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида «Микромолиялаштириш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Мажлисда қайд этилишича, нобанк кредит ташкилотлари фаолиятига нисбатан ўрнатилган айрим чекловлар, шу жумладан, қўшимча молиявий ресурслар жалб этиш имкониятларининг чеклангани мазкур ташкилотлар томонидан кенг доирадаги истеъмолчиларга микромолиявий хизматлар кўрсатилишига тўсқинлик қилмоқда.
Етарли салоҳиятга эга микромолия ташкилотларининг тижорат банки даражасига босқичма-босқич «ўсиши» учун имкониятларнинг мавжуд эмаслиги соҳага оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этган. Қонун шу мақсадда ишлаб чиқилган.
Мазкур қонун билан микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари ўртасида боғловчи бўғин яратиш, шунингдек, микромолия ташкилотлари учун қўшимча молиявий ресурслар, шу жумладан, депозит жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида банк хизматларини рухсат этилган шартлар асосида кўрсатиш ваколатига эга бўлган юридик шахс — микромолия банки институтини жорий қилиш, микромолия ташкилотларини микромолия банкларига ва микромолия банкларини тижорат банкларига ҳамда аксинча трансформация қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.
Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Давлат божи тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ва «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан Марказий банкнинг тартибга солишга доир вазифалари кенгайтирилмоқда.
«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунга киритилаётган тузатишларга кўра микромолия банки институти жорий этилмоқда. Хусусан, микромолия банки — бу айрим чекловларни инобатга олган ҳолда банк фаолиятини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, микромолия ташкилотлари ва тижорат банклари занжирини боғловчи бўғин ҳисобланади. Ушбу банк устав капиталининг энг кам миқдори 50 млрд сўмни ташкил этиши шартлиги белгиланмоқда.
Бундан ташқари, аҳолининг молиявий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш, микромолия банкларининг фаолиятини кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириш мақсадида микромолия банкка банк фаолиятини амалга оширишда айрим чекловлар ҳам белгиланмоқда. Уларга кўра микромолия банкларида:
- жисмоний шахслардан омонатга жалб қилинган пул маблағлари миқдори қонунчиликда белгиланган кафолатланган омонат миқдоридан ошмаслиги;
- бир қарз олувчи ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори 5 млрд сўмдан ошмаслиги;
- тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ажратилган кредитларнинг кредит портфелидаги улуши 70 фоиздан кам бўлмаслиги;
- чет эл банкларида ҳисобварақлар очиш, чет эл фуқаролари ва юридик шахсларига уларнинг мажбуриятлари бўйича кафолатлар бериш ҳамда мижозларнинг ташқи савдо операциялари бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланганлиги;
- қарз қимматли қоғозларига инвестициялар банкларнинг ликвидлилигини бошқаришга қўйиладиган талаблар доирасида фақатгина Марказий банк томонидан белгиланган юқори ликвидли қарз қимматли қоғозларига йўналтирилиши мумкинлиги белгилаб қўйилмоқда.
Микромолия ташкилоти фаолиятини ўзгартириш орқали микромолия банкини ташкил этиш қонунчиликда белгиланган банк фаолиятига рухсат бериш шартларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда микромолия ташкилоти ўз фаолиятини микромолия банки фаолиятига ўзгартириш учун акциядорлик жамияти шаклига эга бўлиши керак.
Шунингдек, ушбу қонунда микромолия банки фаолиятини банк фаолиятига ўзгартириш тартиби ҳам белгиланмоқда.
Мазкур жараён икки босқичдан иборат бўлиб, унга мувофиқ микромолия банки фаолиятини банк фаолиятига ўзгартиришга доир дастлабки рухсатномани олиш ҳамда микромолия банки фаолиятини амалга ошириш учун берилган лицензияни қайта расмийлаштиришдан иборат бўлади.
Шу билан бирга, устав капиталига нисбатан белгиланган талабга жавоб бермаган банклар фаолияти тугатилмасдан, микромолия банки сифатида ўз фаолиятини давом эттириш имконига эга бўлади.
Қонунда микромолия банки фаолиятини микромолия ташкилоти фаолиятига ўзгартириш тартиби ҳам назарда тутилиб, бунга микромолия банки жисмоний ва юридик шахслардан жалб этилган омонатлар (депозитлар) тўлиқ қайтарилгандан ёки уларни қайтариш бўйича мажбуриятлар бошқа банкка ўтказилгандан сўнггина йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, нобанк кредит ташкилоти кредит операцияларини профессионал асосда амалга оширувчи юридик шахс экани ва у банк томонидан ташкил этилиши мумкинлигини инобатга олиб, банк ва у ташкил этган нобанк кредит ташкилоти ўхшаш фирма номларидан фойдаланишда истиснолар назарда тутилмоқда.