Ўзбекистон Сенати 25 январдаги учинчи ялпи мажлисида «Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси
тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон қонуни муҳокама қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 248 ва 248−1-моддаларига Миллий гвардия органларига, шу жумладан, Миллий гвардиянинг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари ва катта инспектор-психологларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг айрим моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда маъмурий жазо чораларини қўллашга доир ваколатлар берилмоқда ҳамда мазкур ваколатларни ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларидан чиқариб ташлаш назарда тутилмоқда.

Улар қуйидаги моддалар:

  • 47-моддаси биринчи қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик);
  • 56−1-моддасида (Жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш);
  • 187-моддасининг биринчи қисмида (Жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилиш);
  • 188-моддасида (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш).

Миллий гвардия ташкилий тузилмасида Болалар билан ишлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари, шу жумладан болалар билан ишлаш бўйича катта инспектор-психологлар ва инспектор-психологлар лавозимлари ташкил этилди.

Мажлисда қайд этилишича, Миллий гвардиянинг инспектор-психологлари февраль ойидан ҳозирги кунга қадар 44 450 та Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси биринчи қисмида (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни аниқлаб, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари орқали маъмурий жазо чоралари қўлланилишини таъминлаган ҳамда ота-оналар томонидан фарзандларини мактабга юбормаслик ҳолатлари бўйича 175 мингга яқин огоҳлантириш хатлари ёзилган.

Бугунги кунда 1 нафар инспектор-психологга мактаблардаги бола сонидан келиб чиқиб 3 тадан 10 тагача мактаб тўғри келмоқда. 2025 йил бошида мактаблардаги ўқувчиларнинг дарсларда иштирок этиш давоматлари 50 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 95 — 99 фоизни ташкил этмоқда.

Бироқ, инспектор-психологлар томонидан вояга етмаган ҳуқуқбузарнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий жазо чораларини қўллаш учун таянч пункти профилактика инспекторининг олдига олиб бориб, маъмурий жазо чоралари қўлланилиши — инспектор-психологларнинг иш самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, ортиқча вақт сарфлашига ҳам сабаб бўлмоқда. Ана шу мақсадида ушбу қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, президентга имзолаш учун юборилди.

Миллий гвардия мактабга қандай келиб қолди?

Шавкат Мирзиёев 2024 йил 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда 2023 йили вояга етмаганлар 3,5 минг жиноят содир этгани, 50 минг нафар бола мунтазам равишда мактабга бормаётганини айтганди.

«Нима учун ҳокимлар ҳар ҳафтада битта мактабга бориб, ўқувчиларнинг шароити ва тарбияси билан шуғулланмайди? Ахир Болалар масаласи бўйича миллий комиссияга ҳокимлар масъул эмасми? Мактаблардаги 2000 та инспектор-психолог штати Ички ишлар [вазирлиги]дан Миллий гвардия ўтказилади. Жўраев (Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев — таҳр.) икки ой муддатда ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда «ҳуқуқбузарликларга қарши иммунитет»ни яратиш бўйича тизим қилади», — деганди давлат раҳбари.

Президент Рустам Жўраевга мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан биргаликда «энг оғир 1000 та мактабларда давоматни яхшилаш тажрибасини жорий этиш» бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Миллий гвардия бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, касбга йўналтириш, тарбиялаш бўйича ота-оналар, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда иш олиб бориш тизимини яратиш устида ишлайди.

«Тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан шуғулланиб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чоралар кўради. Агар мактабнинг ичига бутун халқ, бутун жамоат билан кирмасак, натижа бўлмайди», — деганди Шавкат Мирзиёев.

«Газета.uz» аввалроқ, инспектор-психолог ўзи кимлиги, унинг вазифалари нималардан иборат экани ҳақида Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи Зафар Алимов билан ходимларнинг мавжуд ваколатлари ҳақида суҳбатлашганди.