Олий Мажлис Сенатининг 25 январь куни ўтган учинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон қонуни муҳокама қилинди.
Мажлисда қайд этилишича, фуқароларнинг эркин ҳаракатланишлари, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни таъминлашга тўсқинлик қилиб келаётган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш ҳамда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда хабардор қилишнинг янги тартибини жорий этиш белгиланди.
Шу муносабат билан, Ички ишлар вазирлиги томонидан миграция соҳасидаги мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлашга бўлган конституциявий ҳуқуқларни мустаҳкамлаш мақсадида ушбу қонун ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.
Қонун билан:
Биринчидан, Ўзбекистон фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари ва турар жойи бўйича хабардор қилишлари ҳамда уларни яшаш ва турар жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги асосий принциплар ҳамда тушунчалар белгиланмоқда.
Иккинчидан, Ички ишлар вазирлигининг яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда. Уларга кўра, соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширади, давлат дастурларини ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиши, мутахассислар тайёрланиши, қайта тайёрланиши ҳамда уларнинг малакаси оширилишини таъминлаши, рўйхатдан ўтказишга доир услубий кўрсатмаларни, тавсияномаларни ишлаб чиқиши ҳамда жорий этишда иштирок этиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Учинчидан, Ўзбекистоннинг чегара зонасида, ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда, ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарда, шунингдек фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа жойларда, юқумли касалликларнинг ҳамда юқумли бўлмаган оммавий касалликларнинг тарқалиши, одамларнинг заҳарланиш хавфи мавжуд бўлгани муносабати билан аҳолининг яшаши ҳамда хўжалик фаолияти учун алоҳида шартлар ва режимлар жорий этилган айрим ҳудудларда ҳамда аҳоли пунктларида, ўта муҳим ва тоифаланган объектларда, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудларида фуқароларининг, чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши белгиланмоқда.
Тўртинчидан, фуқароларга ҳамда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш учун ўзларига қулай бўлган ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари, Давлат хизматлари марказлари орқали шахсан ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн тарзда мурожаат қилишлари имконияти яратилмоқда.
Бешинчидан, Е-xabar berish тизими жорий этилиб, турар жойи бўйича рўйхатдан ўтишга мурожаат қилган Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳисобини юритиш мазкур тизим орқали амалга оширилиши белгиланмоқда.
Олтинчидан, фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кундан 10 иш кунигача қисқартирилмоқда.
Еттинчидан, прокуратура органлари вазирлик ва идоралар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, доимий яшаш гувоҳномасига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг доимий яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишлари фаолияти устидан назорат олиб бориши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан Ўзбекистоннинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритилиб, аҳоли орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга енгиллик яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳамда маъмурий ишларни кўриб чиқишда ортиқча бюрократия ва коррупциявий ҳолатларни олдини олиш мавжуд тартиблар соддалаштирилмоқда. Хусусан:
- Паспортсиз ёки идентификацияловчи ID-картасиз, амал қилиш муддати тугаганлиги сабабли алмаштирилиши лозим бўлган паспорт ёки идентификацияловчи ID-карта билан яшаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида (амалда иккидан бир қисмидан уч бараваригача);
- паспорт ёки идентификацияловчи ID-картани яроқсизлантирганлик ёки йўқотиб қўйганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида (амалда иккидан бир қисмидан уч бараваригача);
- яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жарима белгиланмоқда.
Бундан ташқари, қонун билан 18 ёшга тўлмаган ва 60 ёшдан ошган шахсларга паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка тортилмаслиги тўғрисидаги янги қоида киритилмоқда.
Шу билан бирга, паспортни ёки идентификацияловчи ID-картани шахслардан қонунга хилоф равишда олиб қўйиш ҳуқуқбузарликлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдордаги жарималар ҳам белгиланмоқда.