Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимларини мукофотлаш учун 661 миллион сўм ажратди. Бу бўйича 20 январь куни вилоят ҳокимининг фармойиши қабул қилинган, дея хабар қилди Daryo.

Фармойишда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосарининг 2025 йил 14 январдаги билдиришномаси ҳамда вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг 2025 йил 14 январдаги хати инобатга олиниб, вилоят бюджетининг 2025 йил бошида шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўз фаолиятларида эришаётган муваффақиятлари, ўзларига юклатилган вазифаларни виждонан, сифатли ва ўз вақтида бажараётганликлари учун мукофотлаш белгиланган. Бунинг учун жами 661 миллион 250 минг сўм ажратилган.

Жумладан, вилоят ҳокимининг 7 нафар ўринбосарларини рағбатлантириш учун 201 миллион 250 минг, вилоят ҳокимининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари — вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғини рағбатлантириш учун 28 миллион 750 минг минг, шунингдек, Термиз шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш учун эса 431 миллион 250 минг сўм ажратилган.

Вилоят ҳокимлиги фармойишига ХДФУ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) белгисини қўйган. Шунингдек, «шахсга оид» деган важ билан беркитиб қўйилган.

25 январь куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлган ушбу фармойиш бекор қилинганини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқлар орқали Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосарлари ҳамда шаҳар ва туманлар ҳокимларини рағбатлантириш тўғрисида қабул қилинган 2025 йил 20 январдаги 12−8−0-Ф/25-сонли фармойиши юзасидан турли постлар эълон қилинди», — дейилади хабарда.

Маблағлар «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурига йўналтирилиши белгиланмоқда.