Бўстонлиқ туман кенгашининг собиқ депутати, блогер Қобул Дусов озодликни чеклаш шартларини бузгани учун колонияга жўнатилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида 40 ёшли Дусов мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевни ҳақорат қилгани учун унинг озодлиги 1 йилга чекланган эди. Сутканинг муайян вақти, яъни кеч соат 21:00 дан эрталабки соат 07:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши, интернетдан фойдаланиши, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этиши тақиқланган. Шунингдек, ҳар ойда бир маротаба яшаш жойи бўйича ИИО ФМБ пробация бўлимидан рўйхатдан ўтиб туриши шарт эди.

24 январ куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди туман ички ишлар бўлими пробация бўлимининг озодликни чеклаш жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш ҳақидаги тақдимномасини кўриб чиқди. Ҳужжатда айтилишича, Дусов аҳлоқан тузалиш йўлига ўтмаган, чеклов ва тақиқларга риоя этмасдан жазо ўташдан қасддан бўйин товлаб келган, бир неча маротаба у билан олиб борилган профилактик суҳбатлардан ўзига ижобий хулоса чиқармган, уни жамиятдан ажратмаган ҳолда тарбиялаш имконияти йўқ ҳамда суд ҳукми ижросиз қолмоқда.

Иш материалларида айтилишича, 4 январдан 11 январгача блогер ўзининг Kobul Dusov/RASMIY KANAL Telegram каналида ҳар хил мазмундаги материалларни жойлаштирган. 11 январь куни у пробация бўлимига чақирилиб, огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазоси қўлланган.

24 январь куни ИИВ Тезкор қидирув департаментининг Киберхавфсизлик маркази Дусовга огоҳлантириш интизомий жазоси эълон қилинган вақтида хам, ундан кейинги кунларда ҳам интернетдан фаол фойдаланиб келганини аниқлаган.

Суд тақдимномани муҳокама қилиб ҳамда иш ҳужжатларини текшириб, тақдимномани қаноатлантиришни лозим топди.

Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 24 январдаги ажримига мувофиқ, маҳкум Қобил Дусовга нисбатан тайинланган ва ўталмай қолган 11 ой 2 кун озодликни чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.