Тошкент шаҳри Сергели туманидаги «Солнышко» хусусий боғчасида ходим 2 ёшли болани калтаклади, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 22 январь куни Тошкент шаҳар Сергели туманида жойлашган боғчада 27 ёшли тарбиячи ёрдамчиси Й.М. гўёки хархаша қилаётган болани тинчлантириш мақсадида 2023 йилда туғилган С.А.нинг бошига урган.
Сўнг қўпол ҳаракатда уни кўтариб бошқа хонага олиб чиқаётганда қоқилиб йиқилган, оқибатда боланинг чап оёғи синган.
Ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган. Унда ходим боланинг бир қўлидан ушлаб судрагани, сўнгра икки юзидан чимчилаб, тарсаки туширгани ва уни бошқа хонага олиб чиққанини кўриш мумкин.
Боланинг ота-онасига боғча маъмурияти томонидан ўғли ўзи йиқилиб оёғи сингани ва Сергели туман тиббиёт бирлашмасига олиб келингани тўғрисида хабар берилган. Болага «чап оёқ сон суюги сингани» ташхиси қўйилган. Шундан сўнг ота-она боғча маъмуриятидан кузатув камералар ёзувларини кўрсатишни талаб қилган.
Ҳозирда Сергели тумани ИИБ ФМБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.