Беларусь Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, президент сайловида Беларуснинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенко 86,82 фоиз овоз тўплади.
Сайловда яна тўртта номзод ҳам иштирок этди:
- либерал-демократик партия етакчиси Олег Гайдукевич — 2,02 фоиз овоз олди;
- тадбиркор Анна Канопатская — 1,86 фоиз;
- Коммунистик партия Марказий қўмитаси биринчи котиби Сергей Сиранков — 3,21 фоиз;
- республика Меҳнат ва адолат партияси раиси Александр Хижняк — 1,74 фоиз.
Сайловчиларнинг 3,6 фоизи барчага қарши овоз берди.
26 январь куни бўлиб ўтган сайловда иштирок этганлар 85,7 фоизни ташкил этди, дея хабар берди МСК.
Хориждаги Беларусь мухолифати раҳбари Светлана Тихановская ўтган сайловларни навбатдаги «режимнинг спектакль-фарс-тақлид»и деб атади. «Тарғибот сайлов участкаларида идеал манзарани синчковлик билан кўрсатаётган бир пайтда, бутун дунёдаги белоруслар 2025 йилдаги сохталаштиришга қарши норозилик билдирадилар,» — деб ёзди Тихановская ўзининг Telegram каналида.
Европа Иттифоқи расмий шахслари ҳам Беларусдаги сайловларни сохта деб аташди ва уларнинг «эркин ва адолатли» бўлмаганини таъкидлашди. «Беларусда инсон ҳуқуқларига нисбатан мисли кўрилмаган қатағонлар, сиёсий иштирок ва мустақил оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш имкониятларининг чекланиши сайлов жараёнини ҳар қандай қонунийликдан маҳрум этди», — дейилади Европа Иттифоқи ташқи ишлар раҳбари ва кенгайтириш масалалари бўйича комиссар Марта Коснинг баёнотида.
- Александр Лукашенко Беларус президенти лавозимига еттинчи марта қайта сайланди — у 1994 йилдан бери мамлакатни бошқаради. Беларус Конституциясига кўра, президент беш йил муддатга сайланади.
- 2020 йилда Беларусда бўлиб ўтган аввалги президентлик сайловлари ҳукумат томонидан шафқатсизларча бостирилган оммавий норозиликларга олиб келди. Бир қатор таниқли белорус мухолифлари, жумладан, Мария Колесникова узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди.