Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Ёқуббоевнинг Tata Steel Chess турнирида ҳиндистонлик аёл гроссмейстер Рамешбабу Вайшали билан қўл бериб кўришмаслик қарори баҳсларга сабаб бўлди.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеода Ваишали тўртинчи раунддаги ўйин олдидан қўлини чўзганини кўриш мумкин, бироқ Ёқуббоев бунга жавоб қайтармай, стулга ўтирди, бу эса ҳиндистонлик шахматчини таажжубга солди.
https://twitter.com/TheKhelIndia/status/1883777609357840866
Кейинроқ ўзбекистонлик гроссмейстер узр сўраб, унинг хатти-ҳаракати «диний сабаблар» билан боғлиқлигини ва ҳурматсизлик кўрсатиш мақсади бўлмаганини тушунтирди.
2019 йилда гроссмейстер унвонини қўлга киритган 23 ёшли Ёқуббоев баҳсда мағлуб бўлди. Ўйиндан сўнг у ўзининг Х саҳифасида тушунтириш эълон қилди.
«Мен Ваишали билан ўйинда содир бўлган вазиятни тушунтирмоқчиман. Аёллар ва ҳинд шахматчиларига чуқур ҳурмат билан шуни маълум қилмоқчиманки, мен диний сабабларга кўра бошқа аёлларга тегинмайман. Мен Ваишали ва унинг укасини Ҳиндистоннинг энг кучли шахматчилари сифатида ҳурмат қиламан. Агар менинг хатти-ҳаракатим уни хафа қилган бўлса, кечирим сўрайман», — деб ёзди у.
У шахмат ҳаром саналмаслигини ҳам айтди.
Изоҳларда фойдаланувчилар Ёқуббоев 2023 йилда Абу Дабидаги турнирда бошқа бир ҳиндистонлик шахматчи Дивья Дешмух билан қўл бериб кўришгани суратларини жойлаштирилди.
«Аввал қилган ишларимни (2023 йилда Дивья билан ўйин ва шунга ўхшаш вазиятларни назарда тутяпман) ўзим учун нотўғри деб ҳисоблайман. Мен қилишим зарур бўлган нарсани қиляпман. Мен бошқалардан қарама-қарши жинс вакиллари билан қўл бериб кўришмасликни ёки аёллардан ҳижоб ёки бурқа кийишни талаб қилмаяпман. Нима қилиш уларнинг шахсий иши», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, 8-раунд олдидан у рақиби Ирина Булмагага вазиятни тушунтириб берган ва у «бунга рози бўлган».
«Аммо ўйин залига келганимда ҳакамлар ҳеч бўлмаганда „намасте“ ишорасини қилишим кераклигини айтди. Дивья ва Ваишали билан ўйинларда уларга буни олдиндан тушунтириб бера олмадим, шу сабаб ноқулай вазият юзага келди», — дея изоҳлади ўзбекистонлик спортчи.
Турнир ҳақида
Вейк-ан-Зее-2025 ёки Tata Steel Chess Tournament — 1937 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинадиган дунёдаги энг қадимги ва энг кучли шахмат турнирларидан бири, бу йил ҳисоб бўйича 87-си.
Турнир давра бўйича ўтказилади ва 13 турдан иборат. Вақт назорати: 40 та юриш учун 100 дақиқа, кейин ўйин охиригача 50 дақиқа + биринчисидан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сония. Ўйинлар 18 январдан 2 февралга қадар бўлиб ўтмоқда.
Турнир шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражу учун илк классик турнир бўлади. У ўзбек Нодирбек Абдусатторов ҳам ўйнайдиган Masters бўлимида иштирок этади.
Challengers бўлимида Нодирбек Ёқуббоев (ФИДЕ жаҳон рейтингида 67-ўрин, 2659) ва бошқа шахматчилар иштирок этмоқда. Ёқуббоев 4 очко жамғарди ва учта ғалаба, иккита дуранг ва учта мағлубият қайд этган ҳолда 14 талик ичида 10-ўринда бормоқда.
Нодирбек Абдусатторов 5,5 очко билан ҳиндистонлик Гукеш ва Рамешбабу Прагнанандҳалар билан биринчи ўринни бўлишиб турибди. Унинг ҳисобида учта ғалаба ва бешта дуранг бор.