Тошкентдаги Дўстлик (собиқ Бобур) истироҳат боғини реконструкция қилиш концепцияси 2024 йил 11 декабрда президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилди. Уни Москванинг замонавий тимсоли — Зарядье истироҳат боғини яратишда иштирок этган Россиянинг CM International компанияси ишлаб чиққан.
Янги лойиҳада дарахтлар сонини кўпайтириш, тўсиқсиз муҳит яратиш, боғнинг асосий хиёбонини кенгайтириш, одамларга сувга яқинлашиш имконини бериш, ноқулай дарвозаларни очиқ кириш майдонларига алмаштириш ва бошқа ечимлар таклиф қилинган.
Реконструкция ишлари боғни ҳукумат ва Тошкент ҳокимлигининг ёпиқ қарорлари асосида 49 йилга бошқарувга олган BMP Smart Decision Group компанияси томонидан амалга оширилади. Аввалроқ Тошкентдаги бошқа — Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғи реконструкцияси лойиҳасини амалга оширган ушбу компания айни вақтда Абдулла Қодирий боғини ҳам ободонлаштирмоқда. Дўстлик боғини инвесторга бериш ва уни реконструкция қилиш масаласи аҳоли билан муҳокама қилинмаган.
2024 йил апрель ойида, яшил ҳудудлар тадбиркор бошқарувига ўтказилиши эълон қилинганидан кейин тақдим этилган биринчи лойиҳа боғ фойдаланувчилари орасида норозиликларни келтириб чиқарган эди. Норозиликка чизмалардаги кўп сонли аттракционлар, унда «Сиэтл» паркининг кўрсатилмаганлиги ва Сеул боғининг кўчирилиши сабаб бўлган эди. Боз устига, ҳудуд 2018−2021 йилларда реконструкция қилинган эди. Ўшанда реконструкцияни шаҳар маъмурияти қилган ва ишлар тугагач, боғни ўз зиммасига олишни ваъда қилган эди.
Аҳоли боғни инвесторга бериш тўғрисидаги ҳукумат қарорини бекор қилишни талаб қилиб, судга даъво аризаси киритди, бироқ учта инстанция суди аҳолинининг талабига рад жавоби берди.
Нима учун инвестор томонидан тақдим этилган биринчи лойиҳа хом эди? Компания аттракционларни ўрнатишдан воз кечгани аниқми? Нима учун иккинчи кўлни сув билан тўлдириш мумкин эмас? Реконструкциядан кейин боғдаги дарахтларнинг сақланиб қолиши борасида аҳолининг хавотирлари асослими? Тадбиркор ўз инвестицияларини қандай қайтариб олмоқчи? Шу ва бошқа саволлар билан «Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева BMP Smart Decision Group компанияси директори Отабек Мирзажонов ва операцион директори Зафар Мирзаулуковга мурожаат қилди.
— 2021 йилги реконструкциядан олдин ҳокимлик аҳоли билан гаплашмагунча боғни янгилаш бўйича ҳеч қандай таклиф бермаган. Аввал одамлардан уларга нима кераклигини сўрашган, кейин эса лойиҳа ишлаб чиқиб, аҳолига кўрсатишган. Ҳокимлик боғ сизга ўтказилганини маълум қилган вақтда, нега сиз ҳам худди шундай йўл тутмадингиз — лойиҳани таклиф қилишдан олдин одамлар билан гаплашиб кўрмадингиз?
Отабек Мирзажонов: 3,5 миллион аҳоли яшайдиган шаҳарда айнан кимдан сўраш керак? Барча истироҳат боғларига бошқа шаҳарлар, мамлакатлардан ҳам одамлар келади. Кимдан сўраймиз?
— Ҳақсиз, лекин Бобур истироҳат боғининг энг кўп фойдаланувчилари — унинг яқин атрофида яшайдиган одамлар. 2022 йилда CM International Тошкент агломерациясидаги бир яшил ҳудуднинг концепциясини ишлаб чиқаётган вақтда, компания ходимлари менга берган интервьюсида ўз иш услублари ҳақида гапириб беришган: улар фойдаланувчилар жамоаси билан суҳбатлашади, одамлар — айнан энг кўп ташриф буюрувчилар бу жойдан қандай фойдаланишни хоҳлашини аниқлаб олиш мақсадида антропологик тадқиқот ўтказади. Кам келадиганлардан ҳам сўраш мумкин, чунки доимий ва доимий бўлмаган фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари турлича бўлиши мумкин. Термиздан Тошкентга келган одамга кўнгилочар боғни томоша қилиш қизиқарли бўлиши мумкинлигини тушунаман. Лекин бу ерда яшайдиган одамларга «байрам-боғ» керак эмас. Умуман олганда, Тошкентдаги бошқа барча боғлар — «байрам-боғ». Бобур боғи — охирги яшил боғ.
Отабек Мирзажонов: Хўш, «байрам-боғ»ларимиз нечта экан?
— Келинг, санаб кўрамиз: «Наврўз» ва «Анҳор-Локомотив» — битта истироҳат боғи, лекин «байрам-боғ». Собиқ Телман (Central Park) яшил боғ, лекин аттракционлари бор, шовқинли. Magic City, «Ашхобод», Фурқат, Ғафур Ғулом. Сизни ранжитиш фикридан йироқман, яхши истироҳат боғлари бор, лекин буларнинг барчаси — кўнгилочар боғлар. 3,5 миллионлик шаҳар учун бу камлик қилишини тушунаман. Бироқ Бобур боғи ҳам «байрам-боғ»га айланса, шаҳарда яшил боғлар қолмайди. Фақат ўзининг илмий вазифасини амалда йўқотган Ботаника боғи қолади, холос.
Отабек Мирзажонов: Нима учун Анҳор соҳилини яшил ҳудуд сифатида ҳисобга олмаяпсиз? Нима учун айнан истироҳат боғларини кўриб чиқяпсиз?
— Чунки у ер ободонлаштирилмаган. У ерда ёритиш, рисоладагидек йўлаклар ва пандуслар мавжуд эмас. Анҳорбўйининг бошидан охиригача сайр қилиш учун у қирғоқдан бу қирғоққа ўтаверишингиз керак, чунки қаеридадир соҳилбўйининг ўзи йўқ, яна бир жойида соҳилбўйи Президент администрациясининг ҳудуди.
Отабек Мирзажонов: Қирғоқлар устида ишлашяпти. Ёзги тақдимотда ҳокимликдан аҳолини жалб қилишни сўрадик. Ҳокимлик маҳалла қўмиталарига мурожаат қилди, тўртта маҳалла ўз одамларини таклиф қилди. 50−60 киши келиб, болалар билан сайр қилиш мумкин бўлган боғни хоҳлашларини айтишди. Лойиҳага қарши чиқиб, имзо қўйган юзлаб одамлар — бу репрезентатив танлов, деб ким айта олади? Ахир, одамларнинг кўпчилиги уч-тўрттадан болали, улар ҳам болалар билан сайр қилишни хоҳлашади, болаларга эса аттракционлар ёқади.
— Қўлингизда Бобур боғи ўрнида бундай истироҳат боғига муҳтож одамлар кўпроқ эканлигини кўрсатадиган тадқиқот йўқ-ку, ахир.
Отабек Мирзажонов: Биринчи ва иккинчи тақдимотларни тайёрлаётганимизда тадқиқот ўтказишга вақт йўқ эди. CM International кейинчалик суҳбат ўтказди, кўнгилочар функцияларни аниқлаш бўйича чуқур тадқиқот эса ҳали олдинда. Лекин компания аҳолининг сокин боғ яратиш борасидаги фикрини инобатга олди.
Биз шовқинсиз томоша чархпалагидан бошқа каруселларни таклиф қилмаймиз. Лекин бу боғда аттракционлар бўлмайди, дегани эмас. Замонавий боғ қурилишида фақатгина каруселлар аттракцион ҳисобланмайди. Авиарий (қушлар учун йирик қафас — таҳр.) — бу ҳам аттракцион, болалар майдончаси — аттракцион. Қаранг, Ғафур Ғулом боғида сирпанчиқлар, арғимчоқлар, арқон шаҳарчаси ўрнатилган оддий болалар майдончаси бор. Булар ҳам аттракцион.
Шаҳар боғларининг бирламчи вазифалари интерактив, экологик, иқлимий, музей-кўргазма, таълим амалиёти ҳисобланади. Булар — жамоат боғлари, кўча санъат галереялари, итлар учун майдончалар (бизда, албатта, буни қабул қилишмайди), мутолаа зоналари, кўча театрлари, ёввойи табиат қўриқхоналари, интерактив сув иншоотлари, кўча спорти майдончалари. Булар карусел эмас.
Мен аттракционлар кўпчиликка керак, демоқчи эмасман. Фақат 10−15 нафар фаоллардан бошқаларнинг ҳам фикрини ҳисобга олишни таклиф қиламан. Агар фарзандингиз бўлса, бошқа боғга боринг, дейиш нотўғри. Бундай дейишга одамларнинг нима ҳақи бор?
— Чунки сиз аввалига «байрам-боғ» лойиҳасини тақдим этгансиз. Агар бу лойиҳа амалга оширилса, шаҳарда бирорта ҳам яшил боғ қолмайди, одамларда танлов бўлмайди. Айнан шу сабабли у одамлар орасида норозиликни келтириб чиқарди.
Отабек Мирзажонов: Бобур боғи ҳар доим «байрам-боғ» бўлган. Бу ерда аттракционлар ҳар доим бўлган.
— Лекин сиз хорижда ҳам бўлгансиз-ку. У ерларда ҳам турли хил кўринишдаги боғлар бор. Одатда шаҳарда битта марказий маданият ва истироҳат боғи бўлади, қолгани — яшил боғлар.
Отабек Мирзажонов: Бу кўпинча бошқа иқлимга хос. Москвада яхши яшил боғлар бор, лекин у ерда дарахтларни одамлар экмаган, балки шаҳар ўрмоннинг ичига қурилган. Тегилмаган яшил ҳудудлар — бу кесилмаган ўрмон.
Лекин биз Лосиний оролида эмасмиз-ку, ўрмон кесаётганимиз йўқ. Биз маданият ва истироҳат боғини замонавийлаштирмоқчимиз. Каруселлардан воз кечдик. Ҳеч ким Ғафур Ғулом ёки собиқ Телман боғининг худди ўзини яратмоқчи эмас. Биз бизнес сифатида аудиториямиз бўлиниб кетмаслиги учун ҳам худди шундай боғ яратишни истамаймиз. Худди ўша одамлар худди шундай боғга бориши учун яна 10 млн сарфлашдан нима маъно?
— Чунки бу фойда келтиради. Бобур боғи каби боғни сақлаш шаҳарнинг мажбурияти, чунки бу ижтимоий неъмат. Одамларга ҳар хил боғлар — ҳам кўнгилочар, ҳам яшил боғлар керак. Бу масала сизга эмас, балки шаҳарга тааллуқли эканини тушунаман. Лекин ҳозир аҳолида инвестициянгизни қандай қайтариб оласиз, деган савол туғиляпти.
Отабек Мирзажонов: Нега бировларнинг пулини ҳисоб-китоб қилишга одатланганмиз?
— Чунки сиз иқтисодий тарафларини ҳисоб-китоб қилиб, инвестициянгизни қайтариш имконсизлигини кўришингиз, ана шунда у ерда нимадир қуриб, каруселлар ўрнатишингиз мумкин, деган хавотир бор.
Отабек Мирзажонов: Бизнес жараёнларини олдиндан айтиш жуда қийин, лекин таъсисчиларимиз учун Бобур боғини реконструкция қилиш — кўпроқ ижтимоий лойиҳа.
Зафар Мирзаулуков: Авиарий, болалар ва оилавий кўнгилочар марказлардаги хизматлар, қандайдир умумий овқатланиш жойлари — буларнинг барчаси даромад келтиради. Барча солиқларни тўлаймиз. Ғафур Ғулом истироҳат боғида йилига 11,5 млрд сўм солиқ тўлаймиз ва 270 кишини иш билан таъминлаганмиз. «Дўстлик»да, тахминан, 100 га яқин ишчи бўлади, чунки бу бошқача боғ.
Ғафур Ғулом боғини олганимизда у ерда 6000 туп дарахт бор эди. Ҳозир 9500 туп. Биз боғ қурамиз дейиш ғалати. Қурувчилар рухсат беришганида, одамлар нима бўлаётганини кўриб туришлари учун қурилиш майдонини очиб қўйган бўлардик. Бундан ташқари, биз ҳудудни тўлиқ ёпиш эмас, балки босқичма-босқич реконструкция қилиш тарафдоримиз.
Бизни дарахтларни йўқ қилишда айблашмоқда. Мен ўзим дарахтларни яхши кўраман ва боғдорчиликка қизиқаман. Кузда ҳамма жойга каштан экдик, чунки бу жуда чиройли дарахт. 15 йилдан кейин улар бўй чўзади, бу жой янада кўркамлашади. Агар боғда дарахтлар бўлмаса, у боғ бўлмайди.
Жиззах, Гулистон ҳокимликлари бизни ўзларининг дарахтсиз истироҳат боғларини реконструкция қилишга таклиф қилишди. Мен уларга «Яхши, боғни менга беринг, ҳозир дарахтлар экаман, агрономга, боғбонларга ҳақ тўлайман, 10−15 йилдан кейин, дарахтлар ўсганидан кейин қайтиб келамиз», дедим.
Қаерда боғ қуришнинг бизга фарқи йўқ. Унда дарахтлар бўлиши керак. Агар дарахтлар бўлмаса, биз бу дарахтлар ўсгунча бир неча ўн йил давомида кутишга маҳкуммиз. Бунинг учун 30 йил керак. Ва бу вақтда фақат маблағ сарфланади. Дарахтсиз боғ — боғ эмас. Шунинг учун уларнинг сонини кўпайтирамиз.
— Абдулла Қодирий боғида дарахтлар деярли йўқ. Лекин сиз уни олдингиз-ку.
Зафар Мирзаулуков: У ерда 2000 туп дарахт бор. Илгари 5000−6000 туп бўлган. У ҳам «Дўстлик» боғи каби ижтимоий лойиҳа. Одамларнинг фикрича, биз ўз фойдамизни чиқариб олишимиз керак. Ғафур Ғулом боғи билан яқин орада фойдага чиқмаймиз, фақат харажатлар. Давлат аҳоли ҳақида қайғуради. Ташаббус ва хайрли ишлар фақат фойда билан мукофотланмайди. Яхши ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун бошқа манбалардан даромад олиш мумкин. Боғлар фойда келтирмайди. Magic City — даромадли, чунки у ерда дўконлар бор.
Отабек Мирзажонов: Биз учун асосийси, боғ ўзини ўзи таъминлаши, уни шунчаки йўқ қилиб қўймаслик, зарарга ишлайдиган муассасага айлантирмаслик. Чунки ҳамма жойга майсазор ётқизиш, дарахтларни парвариш қилиш керак. Бу катта харажат. Зарядье боғи директори, машҳур бошловчи Иван Демидов бизга шундай деган эди: «Нима қилсангиз ҳам, бу даромад келтирмаган тақдирда, сиз боғни сақлаб қололмайсиз. Ғоя зўр бўлиши мумкин, лекин ўзини қоплай олмаса, ҳаммаси тез орада йўқ бўлиб кетади».
Бизга билдирилган ишончнинг ўзи бу боғни йўқ қилмаслик мажбуриятини юклайди. Нафақат халқ, балки юқори мансабдор раҳбарлар ҳам ҳаммасини кўриб турибди. Ғафур Ғулом боғига президент, бош вазир ташриф буюрди. Обрў-эътибор — бизнесда энг асосийси.
— Тушунаман, боғ тақдирини сизга ишонишган, шунинг учун ҳам уни сизга беришди. Лекин ҳеч нарсани муҳокама қилмасдан, тушунтирмасдан одамларни факт олдида танг қолдириш аҳолининг ғазабини қўзғамоқда. Боғнинг ҳеч қандай молиялаштириш олмаётганлиги, боғларнинг ўзини ўзи таъминлаши тўғрисидаги 2010 йилги ҳукумат қарори ҳамон ўз кучида эканлигини тушунтириш мумкин эди. Албатта, эътироз сизга эмас, балки ҳукуматга, лекин сиз аҳоли билан ишлашингиз керак. Нима учун сиз тегишли пиар-кампания ўтказмадингиз, ҳамма нарсани одамларга тушунтириб бермадингиз?
Отабек Мирзажонов: Давлатимиз ҳам ҳар қандай тирик организм каби энди ривожланяпти. 10 йил олдин одамларга гўё улар мавжуд эмасдек қаралган. Тўсиқ ўрнатиларди ва унинг ортида нима бўлаётганлигини ҳеч ким билмасди. Лекин энди шу даражага етдикки, агар битта дарахт арраланса, одамлар шикоят қилади, амалдорлар дарҳол ҳодиса жойига етиб келади.
Боғлар билан ҳам худди шундай: биз одамлар билан гаплашдик, лекин бизни эшитишни шунчаки хоҳлашмади. «Исталган нарсани чизиб кўрсатиш мумкин, кейин эса ҳаммасини йўқ қилиб, қурилиш қиласизлар», дейишди. Фаоллар «Биз — халқмиз», деяпти. Лекин нимага 10 киши чиқиб, бу уларнинг боғи эканлигини, нимагадир йўл қўймасликларини айтишяпти?
Шундай экан, келинг, аҳоли вакилларини қандай тўғри тўплаш масаласини давлат даражасида ҳал қилайлик. Биз аллақачон эски лойиҳадан янги лойиҳага ўтдик. Биз тинглашга ва мулоқот қилишга тайёрмиз.
— Апрель ойидан бери концепцияни икки марта ўзгартирдингиз. Биринчи лойиҳадан маълум эдики, у шошилинч тайёрланган. Нега уни ишлаб чиқишга жиддийроқ ёндашмадингиз?
Отабек Мирзажонов: Ҳар қандай лойиҳа бошиданоқ тайёр бўлавермайди. Нима учун биз биринчи лойиҳани аттракционлар билан кўрсатдик? Чунки бизга шунчаки «Ғоя беринг», дейишди. Биз ҳокимлик ва Вазирлар Маҳкамаси билан музокаралар олиб борганимизда оддий маданият ва истироҳат боғи қандай бўлиши кераклигини кўрсатдик. Бобур боғи ҳамиша маданият ва истироҳат боғи бўлган. Аҳоли безовталаниб, янги Tashkent Cityʼни хоҳламасликларини айтишди. Уларнинг тушунчасига кўра, Tashkent City — бу дўконлар қатори. Лекин Tashkent Cityʼнинг орқасида дарахтлар, кўл жойлашган Миллий боғ бор.
— Улар Magic Cityʼни хоҳламасликларини айтишди.
Отабек Мирзажонов: Биз Magic Cityʼни таклиф қилмадик. Дастлабки лойиҳада худди шундай Дўстлик боғи бор эди, фақат беш-олтита аттракцион билан.
— Лойиҳада «Сиэтл» боғи, Тинчлик қўнғироғи, Сеул боғи йўқ эди.
Отабек Мирзажонов: «Сиэтл» йўқ эди, лекин унинг биноси — маданий мерос. У ҳар қандай ҳолатда ҳам сақланиб қоларди. Сеул боғи бор эди, лекин бошқа жойда — кўл яқинида. Биз боғни ҳудудларга бўлишни ўйлагандик. Сайр ҳудудини ягона сақланиб қолган кўл атрофига жойлаштирмоқчи эдик. Унинг атрофида «Сиэтл», Сеул боғи ва Тинчлик қўнғироғи бўларди.
Амфитеатр атрофидаги ҳудудни амфитеатр, шахмат, маърузахоналар жойлашган маданий-маърифий зонага айлантирмоқчи эдик. Ҳозир Сеул боғи жойлашган ерда эса фаол ҳудуд ташкил этиш режалаштирилган эди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорида (ВМҚ) аттракционлар ва бошқа кўнгилочар майдончаларни ўрнатиш ҳақида сўз боради. Биз ўз тасаввуримизни лойиҳага туширдик. Бизни боғ билан таништиришгач, лойиҳани аҳолига тақдим этдик. Ҳеч ким бизни эшитишни истамади.
Биринчи реконструкция пайтида Бобур боғидаги дарахтларни суғоришда ёрдам берган аҳоли билан суҳбатлашдик. Суғориш ишлари қандай кетаётганини билмоқчи эдим. Улар Пушкин хиёбонидаги суғориш тизимини таъмирлашни сўрашди. Таъмирлаб бердик. Боғдаги вазият ҳам худди шундай: суғориш тизими рисоладагидек ишламайди. Бизга боғни топширишганда, маълум бўлдики, боғ штатида битта ходим бор. Аҳолининг айтишича, боғни улар ўзлари тозалашади ёки тозалаш учун пул йиғишади. Лекин бу мунтазам парвариш эмас, йиғилган пулни ҳеч ким кўрсата олмайди.
Ғафур Ғулом боғида 17 та боғбон ишлайди. «Дўстлик» учун тахминан 10 нафар боғбон керак. Маоши 4 миллион сўмдан бўлган тақдирда, ойига 40 миллион сўм. Ҳеч ким боғ учун шунча пул йиғиб бермайди. У ерда пули бор минглаб фаоллар йўқ.
Аҳоли «Бу бизнинг боғимиз. Уни қандай бўлса шундайлигича ўзимизга қолдиринг», дейди. Лекин давлатда боғларни сақлаш учун маблағ йўқ. Шундай экан, энг мақбул йўл — давлат-хусусий шериклик. Юқоридаги ВМҚда «боғни модернизация қилиш ва бошқариш учун топшириш» назарда тутилган. Эгалик қилиш учун берилмаяпти.
Нима учун боғ 49 йилга бериляпти? Хусусий шерик ҳар бир квадрат метр ердан фойда олишга уринмаслиги ва шу муддат ичида сарфланган пулни қайтариб олиши учун. Бу биз 10 миллион доллар инвестиция киритган бўлсак, боғдан 49 йил «фойдаланамиз» дегани эмас. Боғга ҳар куни пул сарфланади. Ғафур Ғуломда доимий равишда янги дарахтлар экамиз. Ўртача манзарали дарахт 2 миллион сўмдан бошланади, парваришлаш, даволаш талаб этилади.
Дарахтлар ҳам худди боғ каби тирик организм. Ҳар бирининг, худди одамлар сингари, ўз умри бор. Ғафур Ғулом боғи 1967 йилда барпо этила бошлаган. Кўриб турибмизки, ундаги дарахтлар ўлмаяпти, бироқ аста-секин сўлиб боряпти. Шу сабабли ҳозирдан кўчатхоналардан баландлиги икки-уч метр бўлган кўчатларни сотиб оламиз ва экамиз. Токи кекса дарахтлар нобуд бўла бошлаганда, ёш ниҳоллар паст бўйли эмас, балки бақувват ва вояга етган бўлсин.
Бундан ташқари, бизда пўстлоқхўр каби зараркунандалар кенг тарқалган. Уларни йўқотиш жуда мушкул. Мутахассислар кескин чоралар кўришни таклиф қилмоқда: дарахтга электр токи юбориш. Гўёки пўстлоқхўр тухумлари бундан ҳалок бўлармиш. Лекин бундан дарахт ҳам зарар кўради-ку. Шунинг учун биз дарахтларни карантин қилиш хизматидан пўстлоқхўр тухумларини ейдиган махсус қўнғизларни харид қилдик. Бундан ташқари, препаратлардан ҳам фойдаланамиз. Буларнинг барчаси маблағ талаб қилади.
— Нима учун суд жараёнларини ёритишга қаршилик қилдингиз?
Отабек Мирзажонов: Буни Вазирлар Маҳкамаси хоҳлади.
— Вазирлар Маҳкамаси мажлис ёпиқ тарзда ўтказилишини истади.
Отабек Мирзажонов: Биз бу таклифни қўллаб-қувватладик, чунки Вазирлар Маҳкамасининг бундай ишларда тажрибаси катта. Биз эса турлича талқинлардан чўчиймиз. Сизга мажлисларни ёритишга қандай рухсат беришди?
— Очиқ суд жараёнини ёритишга тақиқ бўлмайди. Шаҳар судининг жавобида ҳам биз суд қарорига ҳеч қандай шаклда таъсир кўрсатмаслигимиз кераклиги айтилган. Шу боис биз баённома характеридаги батафсил материалларни эълон қилдик. Ва, кўриб турганингиздек, суд қарорига таъсир кўрсатмадик.
Президентга тақдим этилган концепция ёзги концепциядан нимаси билан фарқ қилади?
Отабек Мирзажонов: Бу ёзги таклифларнинг такомиллаштирилган лойиҳаси. CM International билан аллақачон ёзги лойиҳа устида ишлаганмиз.
Бассейнни қолдирамиз, лекин уни реконструкция қилиш шарти билан, чунки унинг ҳозирги ҳолати унчалик яхши эмас. Биз бассейннинг шаклини ўзгартириб, болалар ҳовузчасини қўшмоқчимиз, чунки умумий бассейн кичкинтойлар учун жуда чуқурлик қилади. Шунингдек, сунъий тўлқинлар ҳосил қилувчи сёрфинг ускуналарини ўрнатиш имкониятини ҳам кўриб чиқяпмиз. Бизда бундай кўнгилочар иншоотларга талаб бор.
Бассейннинг батафсил лойиҳаси ҳали тайёр эмас. Лекин бассейн ва унинг атрофидаги бинолар албатта реконструкция қилиниши лозим. Бу биноларнинг вазифасини ҳам қайта кўриб чиқамиз — бунинг учун CM International тадқиқот ҳам ўтказади. Ёзда уларга боғ маъмуриятини жойлаштириш вариантини кўриб чиққан эдик, лекин агар уларга болалар маркази ёки бошқа функцияларни жойлаштириш мақсадга мувофиқ бўлса, маъмурият учун бошқа жой танлаймиз.
Боғ маъмуриятининг ҳозирги биноси ҳам маданий мерос объекти ҳисобланади, шунинг учун уни бузиб бўлмайди. Лекин унинг вазифасини аниқлаб олиш керак.
«Табассум» ресторани тарафда кичик футбол ва волейбол майдонлари жойлашган фаол зона яратишни таклиф қиламиз, воркаут-майдончасини яхшилаймиз. Асосий дарвозанинг ўнг томонидаги катта футбол майдонидан воз кечишга қарор қилдик. У кунига атиги уч соат ишлайди. Ёз мавсумида кундуз кунлари у ерда ўйнаш имконсиз: дарахтлар йўқ, сунъий майса остидаги қипиқ қизиб, ҳид чиқаради. Унинг ўрнига ерости оилавий марказини қурамиз, унинг устида сайр қилиш зонаси бўлади — Москвадаги Зарядье боғи худди шу тамойил асосида қурилган.
— Агар катта футбол майдонидаги сунъий майса қизиб кетаётган бўлса, фаол зонадаги майдончаларда қандай қоплама бўлади?
Отабек Мирзажонов: Резина қоплама қилмоқчимиз.
— У ҳам қизийди ва ҳид чиқаради.
Отабек Мирзажонов: У ерда соя бор. Катта майдон устида ҳеч қандай соябон йўқ.
— 2021 йилда Яккасарой туманининг ўша пайтдаги ҳокими Анвар Сайфутдинов боғ ҳудудидаги бассейн ҳам 49 йил муддатга тадбиркорга берилганини айтган эди.
Отабек Мирзажонов: Бундай ҳужжат йўқ.
— Сеул боғи ҳудудида фаолият юритаётган ёзги кинотеатрнинг тақдири нима бўлади?
Отабек Мирзажонов: Бизнинг фикримизча, Жанубий Корея совғасидан тижорий мақсадларда фойдаланиш нотўғри. Кинотеатр амфитеатр билан уйғунлаштирилиши мумкин. Амфитеатр сиғимини 150 дан 300 кишига ошириш учун уни бироз пастроққа жойлаштирамиз.
— Иккинчи кўл ўрнида скейт-майдонча қуришни таклиф қиляпсиз. Кўл сифатида фойдаланишда давом этаверса бўлмайдими?
Отабек Мирзажонов: Тегишли хизматлар бизни унинг гидроизоляцияси ўн йиллар олдин ишдан чиққани ва тўпланган сувнинг ҳаммаси шунчаки ер остига сингиб кетиши ҳақида огоҳлантирди. Бундан ташқари, бу катта сув сарфи. Бобур боғи ёнида ҳеч қандай сув манбалари йўқ, масалан, Ғафур Ғулом яқинидаги ёки Миллий боғдаги туби шунчаки қумдан иборат Комсомол кўли каби. У ерга сув Анҳордан йиғиларди.
Капалак кўлининг туби ҳам бетон, лекин бетон ўз-ўзидан сувни ушлаб тура олмайди, шунинг учун биз гидроизоляция қиламиз. Барча реконструкция қилинган боғларда шундай қилинган. Ғафур Ғуломда бундай қилмадик, чунки у ердаги кўллар чуқурроқ ва ундан дарахтлар сув ичади.
— Бобур боғида ҳам дарахтлар бор-ку.
Отабек Мирзажонов: Агар бетонни олиб ташласак, табиий фильтрация юз беради, ҳамма сув чиқиб кетади. Ғафур Ғулом боғида сувнинг киришини тўхтатсак, у уч-тўрт кунда тупроққа сингиб кетади. Капалак кўли тезроқ бўшайди, чунки у кичикроқ. Дарахтларни кўл суви билан суғоришнинг бошқа йўли бор. Гидроизоляция ва кўлдан сув олиб суғориш тизимини яратамиз. Шундай қилиб, сув сарфи камаяди. Циркуляцион насослар ўрнатилгач, кўл сувини фаввораларга ҳам йўналтириш мумкин бўлади. Шунда биз камроқ сув исроф қиламиз ва сувда яшил сувўтлари гуллашининг олдини оламиз.
Асосий хиёбон кенгайтирилаётганлиги сабабли ундаги фавворалардан воз кечдик. Улар йилда бир неча ой ишлайди, чунки совуқ мавсумда одамларимиз сувли зоналарда сайр қилмайди, болаларга рухсат берилмайди. Бунинг устига, фаввора ҳовузчалари жой эгаллаб туради.
Асосий хиёбондаги фавворалар ўрнини замонавий сувли аттракционлар ва янги фаввора ҳовузчалари билан тўлдирамиз. Масалан, капалак кўлининг нариги томонида чиройли фавворалар каскади бор. Лекин у ишламайди. Уни таъмирлаймиз.
— Асосий хиёбондаги фавворалар қачон қурилган?
Отабек Мирзажонов: Боғларимиздаги бундай нарсаларнинг ҳисоби умуман юритилмайди. Бизга кадастрдан бошқа ҳеч нарса берилмайди ва фақат маданий мерос объектлари: Америка Тошкент-Сиэтл дўстлик уйи, Кауфман кутубхонаси ва боғ маъмурияти биноси ҳақида билдирги берилган.
Фаоллар ана шу объектларнинг тақдиридан ташвишда эди. Кўпчилик уларни асраб-авайланишини айтди. Лекин бу биноларнинг барчаси тўлиғича травертин, сувоқ билан безатилган, алюминий ромлар ўрнатилган. У ерда маданий меросдан фақат соябон остидаги ёғоч безак қолган.
— Нима, сиз ёғоч ромлар ўрнатасизми?
Отабек Мирзажонов: Мутахассислар билан гаплашиб, тарихий материалларни ўрганиб, биноларнинг асл қиёфаси қандай бўлганини аниқлаш ва шу асосда реставрация қилиш керак. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бу борада бизга ёрдам бериш истагини билдирди. Биз ушбу бинолар ва уларнинг интерьерининг асл кўринишидаги фотосуратларни излаяпмиз. Ҳозирча яқин ўтмишдаги суратларини топдик.
— Сиз скейт-майдонча қуришни таклиф қилаётган иккинчи кўлдаги оролда кафе бор. У қоладими?
Отабек Мирзажонов: Кафе хусусий шахсга тегишли. Кафе эгаси ўша кафе учун 800 минг доллар сўраяпти. Агар нархни мақбул даражагача пасайтира олмасак, кафени қолдирамиз.
Кўл «косача»сида скейт-майдончаси қуришни долзарб деб ўйладик. Бунақасини Москва ва Қозонда кўрганмиз. У бизга жуда маъқул келганди. Шаҳарда скейтбордчилар учун яхши майдончалар йўқ.
Умуман олганда, скейтбордчиларни жамиятдан четлашганлар деб ҳисоблашади. Аслида улар ҳам бизнинг болаларимизга ўхшаган болалар. [Майдончани қурганимизда] мен ўзимнинг ўғилларимни олиб келаман, чунки ҳар қандай спорт шахсни ривожлантиради, ирода кучини чиниқтиради, мақсад қўйиш ва унга эришишга ўргатади.
— Капалак кўлдаги фаввора мусиқали бўладими?
Отабек Мирзажонов: Ҳа, бир қанотида мусиқали фаввора бўлади. Лекин мусиқани исталган пайт ўчириб қўйиш мумкин. Агар қандайдир тадбирлар, байрамлар — Наврўз, 1 июнь, Мустақиллик куни — бўлса, мусиқа керак. Ҳар куни мусиқа қўйилади, деган гап йўқ.
— Боғга кириш жойларининг нечтаси ишлайди?
Отабек Мирзажонов: Тахминан бешта. Братислава ва Бобур кўчаларидан — асосий дарвозалар, иккита автотураргоҳдан. Яна Сеул боғи ортидаги болалар майдончаси томонидан ҳам.
— Сиэтл боғи жойлашган Шота Руставели кўчасидан кириш бўлмайдими?
Отабек Мирзажонов: У ҳеч қачон ишламаган.
— Эҳтимол, у анча вақт олдин ишлагандир. 2021 йилда ҳокимият еттита кириш жойини очишга ваъда берган эди. Айтишларича, Братислава кўчасида яна битта кириш бор экан.
Отабек Мирзажонов: Ҳа, жами еттита кириш жойи бор.
— Ҳамма жойга майсазор ётқизиш керак, дедингиз. Нима учун у ерда табиий равишда ўсадиган ўсимликлар ўсиши мумкин эмас?
Зафар Мирзаулуков: У ерда майсазорнинг ўзи йўқ, ҳаммаёқда ёввойи ўтлар ўсиб ётибди.
— CM International мутахассислари менга берган интервьюсида ўз-ўзидан ўсадиган ўсимликларни экиш муҳим эканлигини айтишган. Лекин ёввойи ўтлар экотизимнинг тикланишидан дарак эмасми? Майсазор — бу қиммат ва табиат учун бегона.
Зафар Мирзаулуков: Йўқ, бу яхши эмас. Бундай ҳолда ёввойи ва бегона ўтлар яхши майсазордан устун келади.
— Яхши майсазор нимага керак? Барибир ундан юриш мумкин эмас-ку.
Зафар Мирзаулуков: Мумкин. Шунчаки бир-икки йил сабр қилиш керак, шунда у ўзини ўнглаб олади. Биз Ғафур Ғулом боғида майсаларни нолдан ўстирдик. Шунинг учун ундан юриш мумкин эмасди. Чунки бошланишида илдиз тизими ҳали мустаҳкамланмаган бўлади.
Отабек Мирзажонов: Табиий ўтлар жуда тез сарғаяди, суғорасизми, йўқми, барибир қуриб қолади. Шунчаки иқлимимиз шунақа. Ҳатто суғорилган тақдирда ҳам. Кейин у дағаллашади. Ўт ўргич билан унга шакл бериш қийин. Натижада манзара бузилади. Бундан ташқари, унда аллергия ва касалликларни келтириб чиқарадиган ҳашаротлар кўпаяди. Бегона ўтлар ҳам бор. Улар билан курашяпмиз.
— Эҳтимол, бизнинг шароитимизда шундай ўсимликлар керакдир. Ҳашаротлар ҳам соғлом экотизимнинг белгиси. Бу ҳақда экологлар билан маслаҳатлашиш керак.
Отабек Мирзажонов: Бизда ўз-ўзидан ўсадиган ўсимликлар йўқ. Ҳаммаси парваришга муҳтож. Чинорлар кўчада ўсади. Уларни кимдир суғоряпти, парвариш қиляпти деб ўйлайсизми?
— Катта дарахтлар ерости сувини сўриб олади… Миллий маданий марказларнинг павильонларини қаерда жойлаштирасиз?
Отабек Мирзажонов: Боғ ва Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси биноси ўртасида 21 та павильон қурилади. Ҳозир биз павильонлар ва боғ ўртасида тўсиқ бўлмаслиги учун шу жойдаги деворни олиб ташлаш вариантини кўриб чиқмоқдамиз.
Февраль ойида «Газета.uz» «Дўстлик» ва Абдулла Қодирий боғларини реконструкция қилиш концепцияси муаллифлари, CM International мутахассислари билан интервьюларни эълон қилади.