Ўзбекистон ва Афғонистон темирйўл маъмуриятлари Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўлидан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш бўйича шартномани узайтиришга келишиб олди, дея хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти шуъба корхонаси ҳисобланган «Согдиана транс» МЧЖ темирйўл линиясига хизмат кўрсатувчи оператор сифатида сақланиб қолади.
Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги «Ўзбекистон, Қирғизистон, Хитой ва Афғонистон ўртасидаги тўрт томонлама темирйўл-иқтисодий коридор тўғрисидаги битим» 2025 йилгача узайтирилганини маълум қилди.
Вазирлик вакили Муҳаммад Ашраф Ҳақшенаснинг хабар қилишича, жамоат ишлари вазирининг ўринбосари Ўзбекистонга ташрифи чоғида мазкур келишувни имзолаган. Ушбу коридор Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистондан ўтиб Ҳайратон-Мозори Шариф темирйўли билан боғланади.
Вазирлик вакилининг қўшимча қилишича, 2024 йилда мазкур темирйўл коридори орқали Афғонистон ва Хитой ўртасида 4200 та контейнер товар ташилган. Янги келишувга кўра, иштирокчи мамлакатлар ўртасида юк ташиш ҳажми оширилади.
21−23 январь кунлари Тошкентда Афғонистон жамоат ишлари вазирининг ўринбосари Маҳмадали Соҳибзода бошчилигидаги делегация билан учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов билан учрашувда афғон томони билан трансафғон темирйўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш масалаларини муҳокама қилди.
2022 йилнинг декабрида афғон нашри TOLOnews Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўли участкасига хизмат кўрсатиш бўйича шартномани қозоғистонлик Mansour Fatih компанияси қўлга киритганини хабар қилганди. Бироқ Ўзбекистон бу маълумотни рад этиб, музокаралар давом этаётганини билдирган. 2023 йил февраль ойида томонлар янги келишувни имзолаган.
Ўтган йилнинг август ойида Афғонистонда Найбобод темирйўл станцияси очилди. Ушбу станция ва Ҳайратон — Найбобод — Мозори Шариф" йўналиши «Ўзбекистон темир йўллари» томонидан Афғонистон Темирйўл бошқармаси билан тузилган шартнома асосида тикланган.
«Согдиана транс» корхонаси 2011 йил декабрида Ҳайратон — Мозори Шариф темирйўл йўналишини эксплуатация қилиш ва унга хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» 129 миллион долларлик сармоя билан, 75 км узунликдаги ушбу йўл қурилишини 2010 йил ноябрида якунлаган.
«Ҳайратон» станцияси орқали Афғонистон импортининг ярмидан кўпроғи ҳамда катта ҳажмдаги гуманитар юклар ўтади.