Қўқон шаҳрида фуқарони катта сумма эвазига Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Маълум қилинишича, департамент бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро У.А. фуқаро А.Ғ.нинг ишончига кириб, ўзи ва унинг турмуш ўртоғини танишлари ёрдамида Корея давлатига ишга юборишини айтиб, эвазига 12 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби департаментнинг Олтинкўл тумани бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро А.О. фуқаро Г. И.нинг ишончига кириб, уни 15,5 минг доллар эвазига Америка Қўшма Штатларига ишга юборишини айтиб, келишилган пулдан 4000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Избоскан тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.А. фуқаро Н.Х.нинг ишончига кириб, ўзи ва унинг турмуш ўртоғини Латвия давлатига ишга юборишини айтиб, эвазига 4000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳарактлари ўтказилмоқда.