Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.

Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.

Ўзбекистонда жорий ҳафта давомида асосан қуруқроқ об-ҳаво муҳити кузатилишини сунъий йўлдош тасвирлари ҳам кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Каспий денгизи жануби орқали нам ҳаво оқимларининг минтақага кириб келиши ҳафта ўрталаридан жойларга у қадар кўп бўлмаган қорни тақдим этиши мумкин.

Манба: NASAМанба: NASA

Иш кунларидаги об-ҳавони марказида атмосфера босими 1035 гПа гача бўлган антициклон ва унинг шарқий чеккаси таъсиридаги намлик белгилайди. Душанба ва дам олиш кунлари бироз илиқроқ, сешанбадан бошлаб ҳароратнинг пасайиши кузатилиб, чоршанбага ўтар кечаси аввалига жанубий ва марказий вилоятларда, кейинроқ — пайшанба куни — Фарғона водийсида бироз ёғингарчилик (қор) тушиши кутилмоқда.

Душанба куни жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати +15 даражагача кўтарилса-да, кейинги кунларда ҳароратнинг кескин пасайиши кутиляпти. Масалан, 29−30 январь кунлари антициклоннинг минтақадан ўтиши шимолий ҳудудларда тунда ҳароратнинг -8 даражагача, тоғларда -10 даражагача, бошқа ҳудудларда -3 даражагача пасайишига олиб келиши мумкин. Бу кунларда кундузи ҳам ҳарорат анча паст кутилади.

Манба: Meteoinfo.ruМанба: Meteoinfo.ru

Бир сўз билан айтганда, 29−30 январь кунлари Ўзбекистоннинг жанубий, марказий ва шарқий вилоятларида жанубдан шимолий шарққа ҳаракатланувчи нам ҳаво оқимларидан ёғингарчиликлар кузатилиши мумкин. Ёғинлар асосан қор кўринишида бўлиши кутилмоқда, аммо бу жойларда кучли қор бўронлари бўлиб кетади, дегани эмас.

Дам олиш кунлари антициклоннинг минтақадан тўлиқ чекиниши кундузи ҳароратнинг яна +10 даража ва ундан юқори кўтарилишига сабаб бўлади. Аммо тунги ҳарорат борасида бундай деб бўлмайди.

Чоршанбадан совуқлик тўлқинларининг минтақага кириб келиши магистраль газ қувурларида газ босимини сезиларли пасайиб кетишига ва энергетика тизимга юклама ошишига сабаб бўлиши мумкин. Пайшанба ва жума кунлари айрим вилоятларнинг йўлларида яхмалак ҳодисалари юз бериши кутиляпти.

«Ўзгидромет» прогнозига кўра, 27 январь куни жойларда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати кундузи шимолда 0…+5 даражагача, жанубий вилоятларда +15 даражагача, бошқа ҳудудларда +12 даража, тунда шимолда −5…−10 даража, бошқа ҳудудларда 0… -5 даража совуқ атрофида бўлади. Туман тушиши мумкин.

Синоптиклар 28−30 январь кунлари Ўзбекистонда булутли ҳаво кузатилиши, аммо 28 январь куни ёғингарчилик кутилмаслигини маълум қилган. 29−30 январь кунлари республиканинг шимолидан ташқари бошқа ҳудудларида қор ёғиши прогноз қилинган.

28 январь куни шимолда кундузи +5 даража, жанубда +12 даражагача илиқ ҳаво кутилади. Бошқа ҳудудларда ҳаво ҳарорат +5 ва +12 даража оралиғида бўлиши тахмин қилинмоқда. 29−30 январь кунлари республика бўйлаб ҳаво ҳароратининг сезиларли пасайиши, жойларда (тоғли ҳудудлардан ташқари) ҳаво ҳарорати 0…+5 даража бўлиши кутилади.

Тунда ҳарорат ноль даражадан анча паст кузатилади. Прогнозларда ушбу кунлари шимолда -8 даражагача, тоғларда -10 даражагача, бошқа ҳудудларда -3 даражагача совуқ бўлиши келтирилган.

Жума куни Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларида ва тоғларда бироз қор ёғиши мумкин, шанба ва якшанбада ёғингарчилик кутилмайди. Айнан шу кунларда Ўзбекистон аҳолиси ҳароратнинг аста-секин кўтарилишини ўз танида ҳис қила бошлайди, аммо тунги вақтда ҳарорат барибир совуқлигича қолади.

Шанба ва якшанба кунлари ҳарорат ўзгариши ва ёғингарчиликлар эҳтимоли тўғрисидаги сўнгги маълумотларини «Ўзгидромет»нинг ҳар куни янгиланадиган қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари орқали аниқроқ билиб олиш мумкин.

«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (27−31 январь ва 1−2 февраль кунлари) давомида шимолий ҳудудларидан ташқари бошқа жойларда ҳарорат меъёрдан паст, яъни совуқ бўлиши, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарёда анча пастроқ совуқлик муҳити кузатилиши, ёғингарчилик бўйича шимолий ҳудудларда меъёрий, бошқа ҳудудларда эса анча кам ёғин кузатилиши мумкин.

Шундай қилиб, ҳафта давомида ёғингарчилик шу давр учун хос меъёрдан кам, ҳарорат бўйича эса совуқ бўлиши маълум қилинган.

Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири

Жорий ҳафта об-ҳаво муҳити об-ҳаво ўзгаришларига таъсирчан кишилар саломатлигига у қадар хавф туғдирадиган даражага эга эмас. Фақат пайшанба-жума кунлари марказида атмосфера босими 1035 гача бўлган анициклонал омил айрим тоифа кишилар саломатлигига бироз таъсир кўсатиши мумкин; бу одамлар саломатлигига айтарли хавф туғдирмайдиган метеорологик шароитдир.

Биоиқлимий шароитлар

Душанба ва дам олиш кунлари учун «кундузи илиқ, тунлари совуқ» тамойили мос тушади. Бу кунларда қалин кийимларнинг бироз енгилроғини кийиб юриш ҳам мумкин. Аммо ҳафтанинг бошқа кунларида бундай қилиб бўлмайди. Айниқса, чоршанба-жума кунлари минтақадан антициклоннинг ўтиши сабаб, сезилар-сезилмас шамол ҳисобига сутканинг исталган вақтида ҳақиқий ҳаво ҳарорати анча паст ҳис қилинади. Шу боис бу кунларда қалинроқ кийиниш мақсадга мувофиқ.

Космик таъсирлар

Ўзбекистонликлар ҳафта давомида кучли магнит бўрони қўзғалишларидан таъсирланмайди. Кўплаб прогноз моделлари Қуёш фотосферасида сўнгги икки кунликда чақнашлар билан боғлиқ жуда ҳам сокинликни кўрсатмоқда. Ер магнитосферасида ҳам кучли магнит бўрони қўзғалишлари бўлмаслигини тахмин қилинган.

Манба: Xras.ruМанба: Xras.ru

Қозоғистондаги Ионосфера институти эълон қилган геомагнит бўрони прогнозида ҳам аҳоли иш кунларида саломатликка умуман хавф туғдирмайдиган «яшил» даражадаги, яъни хавфсиз қўзғалишлар билан рўбарў келиши қайд этилган.

Манба: Ionos.kzМанба: Ionos.kz

Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқ.

Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши

Душанба ва якшанба кунлари кундузи ҳаво ҳарорати бироз юқори бўлиши пастдан юқорига кўтарма куч ҳисобига ҳавода майда дисперс заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш даражаси бироз ортишини келтириб чиқариш мумкин. Пайшанба-жума кунлари эса антициклонал жараён фонида қуёш ботиши ва чиқишидан сўнг инверсия жараёни сабаб, ҳавода бироз хиралик кўпайиши кутилмоқда.

Ҳафта давомида кучли шамол кутилмалари мавжуд эмаслиги сабаб, йирик шаҳарларда ҳаводаги ифлослантирувчи моддаларнинг атрофга чиқиб кетиши учун у қадар қулай шароит юз бермайди.

Ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортган пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.

Шундай қилиб, 27 январдан 2 февралгача бўлган етти кунликда об-ҳаво бўйича энг қулай кунлар сешанба, чоршанба ва шанба бўлиб, иқлимий ўзгаришларга мойил кўпчилик шу кунларда ўзини нисбатан енгилроқ ҳис қилиши кутилмоқда.