Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева 2024 йилда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўналишида Ўзбекистон катта қадам ташлагани ва тез орада ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун 2025 йилда ҳам ҳаракатлар шу суръатда давом эттирилишини таъкидлади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзди.

У 2024 йилда ЖСТ Ишчи гуруҳи иккита муҳим йиғилиш ўтказганини эслатиб ўтган. Бу мамлакатга аъзоликнинг асосий ҳужжати — Ишчи гуруҳ Ҳисоботи лойиҳасини тайёрлашга киришишга имкон берган. Шунингдек, Ўзбекистон томони АҚШ, Хитой ва Япония каби 15 та мамлакат билан икки томонлама музокараларни якунланди. Ҳозиргача мамлакат 23 та битимни имзолади.

«Қисқа вақт ичида бизнесни ва рақобатни янада шаффоф қилиш учун 20 та муҳим қонун қабул қилинди. Тез орада Ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун жорий йилда ҳам биз шу суръатда давом этамиз. Бу мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши ҳамда ўзбек бизнесининг минтақавий ва глобал қўшилган қиймат занжирларига кириб боришини таъминлаши лозим. ЖСТга аъзолик ва давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг якуний мақсади, шубҳасиз, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, унга муносиб иш ўринларини яратиш ва иқтисодиёт бошқарувини самаралироқ тизимга ўтказишдир», — дея қайд этган Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев Ўзбекистон 2026 йилда Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача ЖСТга аъзо бўлиш ниятида эканлигини маълум қилганди.

Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича «якуний босқич»га ўтаётганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ЖСТ қоидаларига зид бўлган имтиёзлар бекор қилинаётганига қарамай, давлат тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этади ва адолатли рақобат муҳитида ишлаш учун барча шароитларни яратади.