27 явнардан бошлаб Тошкент вилояти Тошкент туманида жойлашган «Навоий» чегара божхона пости («Зангиота» чегара ўтказиш пункти) синов режимида иш бошлади, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Янгидан қурилган божхона постида фуқаролар учун зарур шарт-шароитларга эга заллар, автобус ва енгил автотранспорт воситалари ҳамда уларда ҳаракатланаётган йўловчилар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилган.
Божхона постига туташ ҳудудда бир вақтда 500 дан ортиқ енгил автотранспорт воситаси, 100 дан ортиқ автобусни қабул қилиш имкониятига эга автотураргоҳ қурилган. Унда халқаро йўналишда ҳаракатланаётган автобус ва енгил автотранспорт воситалари, шунингдек, маҳаллий йўналишдаги йўналишли жамоат транспортлари ҳамда такси хизматлари йўлга қўйилган.
«Автотураргоҳда транспорт воситалари учун кутиш жойлари, фуқаролар учун тез тайёр бўлувчи тамаддихоналар, кафе ва бошқа маиший ва ижтимоий хизматлар, бундан ташқари, халқаро йўналишдаги автотранспорт воситалари учун электрон навбат тизими йўлга қўйилади», — дейилади хабарда.
Маълумот учун, ўзбек-қозоқ чегарасидаги «Навоий» — «Қоплонбек» автойўл ўтказиш пункти 2022 йилнинг ноябрида ёпилганди.
Аввалроқ Қорақалпоғистон ва Қозоғистон ўртасидаги «Тажен» — «Довут ота» чегара ўтказиш пунктларида ҳаракатланиш 1 февралдан 3 ойга тўхтатилиши хабар қилинганди. Йўловчиларга «Яллама», «Оқ олтин», «Малик» ўтказиш пунктлари қатори «Зангиота» орқали ҳаракатланиш ҳам тавсия қилинган.