Uzbekistan Airways компаниясининг Тошкентдан Нью-Йоркка учган HY101 рейси бортида бола туғилди, дея хабар бермоқда авиакомпания.

Қайд этилишича, парвоз давомида йўловчилардан бирида туғруқ бошланган. Экипаж бригадаси бошқарувчиси вазиятни баҳолаб, овозли эълон орқали самолётдаги шифокорларни ёрдамга чақирган.

Чақириққа йўловчилар орасидаги шифокор-акушер ва жарроҳ жавоб берган. Бир оз вақт ўтиб, йўловчи ўғил фарзандини дунёга келтирган.

Шу муносабат билан экипаж Исландиянинг Кефлавик шаҳридаги захира аэродромига мажбурий қўниш қарорини қабул қилган.

«Самолёт муваффақиятли қўнганидан сўнг, тиббиёт ходимлари бортга кўтарилиб, зарур ёрдам кўрсатишди. Она ва чақалоқ маҳаллий клиникага етказилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрелида ҳам Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкентдан Истанбулга учган самолёти бортида ўғил чақалоқ туғилганди.